Жаҳон | 11:59 / 12.03.2024
4437
4 дақиқада ўқилади

Столтенберг: Украина ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга

НАТО давлатлари Украинага ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқида ёрдам беришга ҳақли, деди алянс бош котиби Столтенберг. Германия мудофаа вазирлиги раҳбари ва канцлери қанотли ракеталар етказиб берилишига шубҳа билан қарамоқда.

Фото: LETA

Украинага Германиянинг TAURUS қанотли ракеталарини етказиб бериш эҳтимоли ҳақидаги мунозаралар фонида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Украинанинг ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқи ҳақида маълум қилди. «Биз нима бўлаётганини ёдда тутишимиз керак: бу Россиянинг Украинага қарши уруши ва Украина БМТ Низомида мустаҳкамланган ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга», деди у 11 март, душанба куни Брюсселда Швецияни Шимолий Атлантика иттифоқига қабул қилиш маросимида. 

Столтенбергнинг сўзларига кўра, гап НАТО давлатларининг Украинага ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқида ёрдам бериши ҳақида ҳам кетмоқда. 

Шу билан бирга алянс бош котиби Киевга ҳарбий ёрдамни давом эттиришга чақирди. Бу Россия президенти Владимир Путинга жанг майдонида ўз мақсадларига эриша олмаслигини тушунтиришнинг ягона йўли, деди Столтенберг Deutschlandfunk радиосига берган интервюсида. 

Столтенберг бир нечта иттифоқчилар аллақачон Украинани узоқ масофали қурол тизимлари билан таъминлаётганини олқишлади. Мисол тариқасида у Британия ва Франция томонидан Storm Shadow ҳамда Scalp қанотли ракеталарининг етказиб берилишини келтирди. 

Писториус ва Шолц қанотли ракеталарни доиравий етказиб беришга қарши 

Айни пайтда, Германия мудофаа вазири Борис Писториус яқинда Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон истисно этмаган ҳолат - Германия, Британия ва Украина ўртасида қанотли ракеталарни доиравий шаклда етказиб бериш имкониятига шубҳа билан қаради. Бу тўғри ечимми, деган саволга Писториус бундай деб ўйламаслигини айтди. У Кэмерон бу таклифни ўзи илгари сурмаганига, фақат журналистнинг Лондон ҳукумати барча вариантларни ўрганаётгани ҳақидаги саволига жавоб берганига эътибор қаратди. 

Германия канцлери Олаф Шолц ҳам бундай доиравий етказиб бериш имкониятини танқид қилмоқда, дея хабар беради Reuters. Германия ҳукумати матбуот котиби Штеффен Хебештрайт сўзларига кўра, Германиянинг Украинага қанотли ракеталарини етказиб беришни доимий равишда рад этиб келаётган ҳукумат раҳбари позицияси ўзгармаган. Кейинчалик, кечки матбуот анжуманида Шолцнинг ўзи бу масалага салбий муносабатини яна бир бор тасдиқлади. Унинг таъкидлашича, TAURUS ҳаракатланиши ва ундан фойдаланиш усулини ҳисобга олган ҳолда, «назоратсиз ишлатиш мумкин эмас», немис аскарларининг иштироки эса «ҳатто Украинадан ташқарида ҳам» қабул қилиниши мумкин эмас. 

Шу билан бирга, Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок британиялик ҳамкасбининг Лондон билан доиравий алмашинув орқали Украинани қўшимча қанотли ракеталар билан таъминлаш таклифига очиқ эканини айтди. «Бу вариант бўлиши мумкин», деди у ARD телеканалида Германия TAURUS ракеталарини Британияга топшириши мумкинлиги ҳақидаги ғояни изоҳлар экан. Британия эса, ўз навбатида, Украинага узоқ масофали Storm Shadow ракеталарининг янги партиясини етказиб беради. Канцлер Шолцдан фарқли ўлароқ, Бербок шунингдек, TAURUS’ни Киевга тўғридан тўғри етказиб беришни қўллаб-қувватлайди. 

Мавзуга оид