Жаҳон | 20:30 / 16.03.2024
10789
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи жорий йил охиригача Россия газидан воз кечмоқчи

Европа Иттифоқи тез орада ҳукуматларга газ сотиб олишни санкцияларсиз блоклаш имконини берувчи қонунни жорий қилади.

Фото: Getty Images

Европанинг энергия масалалари бўйича комиссари Кадри Симсоннинг айтишича, Европа Иттифоқи Россия Федерациясидан суюлтирилган табиий газ (СТГ) импорт қилувчиларга харидларни сезиларли даражада камайтириш учун босимни оширмоқда.

Bloomberg хабарига кўра, Европа Иттифоқининг сўнгги ҳаракатлари таъминотни қайта тақсимлашга ва Россия ҳарбий машинасини молиялаштиришга путур этказишга қаратилган. Симсон 15 март куни Европа Иттифоқига суюлтирилган газнинг энг йирик етказиб берувчиси бўлган Қўшма Штатлар вакили билан СТГ етказиб бериш ҳажмини ошириш масаласини муҳокама қилган.

«Бу йил Россия гази экспортидан узоқлашиш давом этиши керак. Европа Иттифоқида биз Россиядан СТГ сотиб олишни камайтириш учун босимни оширмоқдамиз. Бунинг учун АҚШ таъминоти ишончли бўлиши керак», деди у.

Унинг сўзларига кўра, Европа ҳукуматлари Россия газини харид қилишни тўхтатиш учун янги қонун кучга киргач, бундай оқимларни қўшимча санкциялар қўлламасдан тўсиб қўйиш имконини берувчи янги воситага эга бўлади. Бу бир неча ҳафта ичида содир бўлади.

«Биз сўнгги ойларда Россия ўз даромадларини камайтирганини кўрдик, аммо биз ҳали ҳам Россия суюлтирилган газининг Европа бозорларига чиқишига йўл қўймаслик учун кўп иш қилишимиз керак», деб хулоса қилди Симсон.

Март ойи бошида Симсон Европа Иттифоқи ички бозорни барқарорлаштириш чораларини кўрганини ва Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери Россия гази импортини 71 фоизга қисқартирганини айтди.

Мавзуга оид