Жаҳон | 12:57 / 23.03.2024
25438
2 дақиқада ўқилади

Кейт Миддлтон саратон касаллигига чалинганини эълон қилди

Уэлс маликаси Кейт Миддлтон саратон касаллигига чалинганини ва кимётерапия қабул қилаётганини маълум қилди.

Фото: AP

Уэлс маликаси Кейт Миддлтон унга саратон ташхиси қўйилганини эълон қилди. Бу ҳақда у Instagram’даги расмий саҳифасидаги видеомурожаатида айтди.

Малика Кейт 2024 йил январ ойи ўрталарида операция қилинганди. Қироллик саройи расмий хабарида барчаси яхши ўтгани айтилган. Аммо у узоқ вақт оммага кўриниш бермади. Март ойигача вазият тинч бўлиб турди. Аммо кейин Кейт уч фарзанди билан бирга фотосуратини намойиш этганидан кейин дарҳол жаҳондаги етакчи нашрлар назарига тушди: суратда фотошоп белгилари аниқланганди.

У касаллиги ҳақидаги хабарни қабул қилиши ва болаларга ҳамма нарсани тушунтириш учун медиа майдонидан бир неча ҳафта четда туришни лозим топганини айтган. Кейт ва валиаҳд шаҳзода Уилямнинг 3 нафар: ўн ёшли Жорж, саккиз ёшли Шарлотта ва беш ёшли Луи исмли фарзандлари бор.

The Guardian нашрининг Букингем саройи матбуот хизматига таяниб ёзишича, Уэлс маликаси ижтимоий тармоқлардаги миш-мишларга чек қўйиш учун бутун ҳақиқатни айтишни лозим деб топган. Ҳозирда у кимётерапия қабул қилмоқда.

«Бу, албатта, катта зарба бўлди. Мен ва Уилям муаммони ҳал қилиш учун қўлимиздан келганини қилмоқдамиз. Сиз тасаввур қилаётганингиздек, бу вақт талаб этади. Бу менга катта операциядан кейин тикланиш ва даволанишни бошлаш учун керак эди», деган Кейт Миддлтон.

Мавзуга оид