Жаҳон | 18:00 / 31.03.2024
28352
10 дақиқада ўқилади

Сирский — Харкивга юриш, Авдийивка ва Залужнийнинг истеъфоси ҳақида

Украина қуролли кучларининг янги бош қўмондони тайинловдан бери берган илк интервюсида украинларни тинчлантиришга уринди.

Фото: Олександр Сирский / Телеграм

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский феврал ойи бошида бу лавозимга тайинланганидан буён илк батафсил интервюсини берди. У бошқа нарсалар қаторида украинларнинг сафарбарлиги, Авдийивкадан чекиниш, Россиянинг Харкивга юриш қилиши эҳтимоли ҳамда олдинги бош қўмондон Валерий Залужнийнинг истеъфоси бўйича фикрларини билдирди.

Афтидан, Олександр Сирскийнинг Укринформ» агентлигида эълон қилинган дебют интервюсининг асосий вазифаси мамлакат ичкарисидаги кўп миллионлик аудиторияни тинчлантириш ҳисобланади.

Бу интервю Россия қўшинларининг фронтдаги мунтазам ҳужумлари, уларнинг Харкивга юриш қилиш режалари ҳақидаги янгиликлар, сафарбарлик кучайтирилиши ҳақидаги гаплар ва Америка Конгресси Киевга етарли ёрдам ажратиш учун овоз бера олмаётгани фонида берилди.

Бу барча муаммолар фонида Сирский муҳим мессежни етказди: аслида қўрқинчли ҳеч нарса бўлмаяпти, Украина мағлубиятдан йироқ — қолаверса, Россияни жанг майдонида енгиш мумкин.

Украинлар фронтдаги вазиятдан хавотирдами? Сирский шундай жавоб қилди: «Вазият чиндан ҳам оғир, аммо фронтда бундан бошқача бўлмайди ҳам».

Унинг сўнгги вақтларда украинлар томонидан қайтариб олинган позициялар сони бой берилганларидан ошгани ҳақдаги сўзларини Володимир Зеленский Россия қўшинининг қишки юриши тўхтатилгани ҳақида яқинда билдирган баёноти билан биргаликда кўриб чиқиш керак.

Бундан ташқари, Сирский украин ҳарбий қўмондонлиги мақсадлари қаторида келгусидаги ҳужум ҳаракатлари учун захираларни тайёрлашни ҳам айтиб ўтган. Бунда ўтган йилги юришдан чиқарилган сабоқлар ҳисобга олиниши таъкидланган. «Агар россияликлар Харкивга ҳужум қилишга қарор қилса, бу шаҳар улар учун «ҳалокатли» бўлади», деган у.

Украина жамоатчилиги яқин вақтлар ичида бу ҳақдаги қонун Олий радада кўриб чиқилгач, ялпи сафарбарлик эълон қилинишидан хавфсирамоқдами? Сирский бу ўринда ҳам вазиятни юмшатган.

Биринчидан, ярим миллион эмас, анча камроқ одам фронтга юборилади. Иккинчидан, шу жавобнинг ўзи украинларнинг сафарбарлик борасидаги энг катта қўрқувларидан бирига жавоб - тайёргарлик кўрмаган янги чақирилганларни ҳеч ким ҳарбий комиссариатдан тўғри фронтга юбормайди.

Украинлар ҳозиргача Украина қуролли кучлари Авдийивкадан чекиниш чоғида «минглаб» жангчилар асир тушгани тўғрисидаги хабарлардан кейин ўзига кела олмаяптими? Бош қўмондон Украина давлат идораларидаги коммуникация бўшлиқларини ёпади ва расмий рақамларни эълон қилади: россияликларга 25 украин ҳарбийси асир тушган, аммо давлат раҳбарияти уларни уйга қайтариш учун барча ишни қилмоқда.

Украинлар Ғарб ёрдамисиз Киев ҳарбий мағлубиятга маҳкум деб ҳисоблайдими? Сирский эътироз билдиради: Украина ўз мудофаа саноати имкониятларини тез суръатларда оширмоқда. Лекин у шундай қўшимча қилган: агар Ғарб Украинага унинг қуролли кучлари муҳтож бўлган барча нарсани берса, бу урушни душман устидан ҳарбий ғалаба билан якунлашга имкон беради.

Зеленский каби эмас

Сирскийнинг интервюсининг сўнгги қисми протокол бўйича, аммо уруш — сиёсий келишмовчиликлар вақти эмаслиги ҳақидаги муҳим тезис ҳам бор: «Агар энергия ва кучни бир-биримиз билан қуруқ сиёсий баҳсларга сарфласак, — бу фақатгина мағлубият эмас, ҳалокат йўлидир».

Олександр Сирский интервюсидаги хотиржамлик ва ишончли оҳанг Володимир Зеленскийнинг ташвишли кайфиятидан фарқланади.

CBS билан суҳбатда (Украина президенти офиси бу суҳбат ёзувини Сирскийнинг интервюси билан бир вақтда эълон қилди) Зеленский Россия қўшини май–июн ойларида янги ҳужум бошлашни режалаштираётгани ва агар Ғарб Киевга ҳарбий ёрдамни блоклашда давом этса, Украина мағлубиятга учраши мумкинлигини айтади.

Шу билан бирга, Зеленский каби америкаликларга эмас, украинлар аудиториясига мурожаат қилган Сирскийдан бунақа мессеж йўлланиши ҳам ғалати бўлган бўларди.

Шубҳа қилиш, вариантларни кўриб чиқиш, исталган натижага эришиш учун вазиятни драмалаштириш — сиёсатчилар чекига тушган иш. Генерал Сирский вазиятни баҳолашда сиёсатчи Зеленскийга қараганда аниқроқ гапириши талаб этилади, унинг дебют интервюси ҳам буни исботлаган.

Украина қуролли кучлари бош қўмондони айнан нималар деди?

Фронтдаги вазият ҳақида

Вазият оғир, аммо фронтда бошқача ҳам бўлмайди. Душман кенг фронт бўйлаб ҳужум амалиётларини давом эттириб, ҳар қандай қурбонлик эвазига бўлса ҳам Донецк ва Луҳанск областлари чегараларига чиқишга, Запорижжя областида Украина қуролли кучларини Днипронинг чап соҳилида ортга чекинтиришга ҳаракат қилмоқда.

«Аммо биз нафақат мудофаани ушлаб турибмиз, балки ҳар куни турли йўналишларда ўзимиз ҳам олдинга юрмоқдамиз. Сўнгги вақтларда биз томонимиздан қайтариб олинган позициялар бой берилганлари сонидан кўпроқ. Душман стратегик йўналишларда сезиларли муваффақиятларга эриша олмади, унинг ҳудудий ютуқлари, агар улар бор бўлса, фақат  тактик аҳамиятга эга», — дейди Сирский.

Фото: Getty Images

Унинг сўзларига кўра, сон жиҳатдан устунликка эга бўлган Россия қўшини йўқотишлар билан ҳисоблашмаяпти ва ёппасига штурм тактикасини қўллашда давом этмоқда. Рақиб авиация фаоллигини сезиларли оширган, бошқарилувчи авиабомбалардан фойдаланиб, бизнинг позицияларимизни вайрон қилмоқда, дея қўшимча қилган Сирский. РФнинг учираётган артиллерия снарядлари борасидаги устунлиги бир неча кун аввал 6:1 нисбатини ташкил этган.

«Украина қуролли кучлари ўқ-дорилар сони бўйича эмас, мавжуд қуроллардан фойдаланиш маҳорати билан жанг қилишни ўрганди. Бундан ташқари, биз пилотсиз авиация устунлигидан максимал фойдаланяпмиз. Гарчи душман ушбу қурол самарадорлиги бўйича бизга етиб олишга уринаётган бўлса ҳам», — дея қайд этган украинлар бош қўмондони.

Украина денгиздаги ҳаракатлар тактикасини ўзгартирган. Экипажсиз дронларнинг рақиб кемаларига ҳужумлари шу қадар самарали бўлдики, бу денгиздаги жанговар ҳаракатлар стратегиясидаги ўзгаришлар тўғрисида гапиришга имкон беради, деб ҳисоблайди Сирский.

«Биз Россиянинг Қора денгиз флотини мақсадли равишда йўқ қилмоқдамиз. Буни қилишда давом этамиз. Сўнгги кунларда Севастополда яна бир неча кема йўқ қилингани — буни яна бир бор тасдиқлайди».

Залужнийнинг истеъфоси ҳақида

Ҳарбийлар буйруқларни муҳокама қилмайди. Агар президентда, Олий бош қўмондонда бундай ўзгариш учун сабаб бўлса, бу етарли сабаб ҳисобланади, деган Сирский бош қўмондон алмашиши ҳақидаги саволга жавобан.

Бош штаб ва бошқа ҳарбий бошқарув органлари ҳарбий ҳаракатларда тажрибага эга бўлган жанговар зобитлар билан янгиланди, дея қўшимча қилган у.

Техникаларнинг жанговар самарадорлигини тиклаш, ҳарбий хизматчилар дам олиши ва тикланишини таъминлаш мақсадида фронт чизиғидаги ҳарбий қисмлар ротацияси жараёни бошланади. Бунинг учун Украина қуролли кучларига одамлар керак.

Сафарбарлик ҳақида

Украина қўмондонлиги қўшинлар сафини тўлдириш бўйича режаларини ўзгартирган. Агар илгари жанговар самарадорликни сақлаш ва фронтдаги бўлинмалар ва қисмлар ротациясини таъминлаш учун яна 500 минг кишини сафарбар қилиш керак, деб ҳисобланган бўлса, ички ресурслар аудити ва ҳарбий таркиб сонига аниқлик киритилганидан кейин бу рақамлар сезиларли даражада камайди, дейди Сирский.

Аммо у янги рақамларни келтирмаган: «Биз Ватанни ҳимоя қилишга қодир бўлган етарлича одамларга эга бўлишимизни кутамиз. Гап нафақат сафарбар қилинадиганлар, балки кўнгиллилар ҳақида ҳам кетмоқда». У шунингдек жанговар тажрибага эга бўлмаган сафарбар қилинганлар дарҳол фронтга юборилмаслигини таъкидлаган.

Авдийивкадан чекиниш ҳақида

Сирскийнинг сўзларига кўра, рақиб штурм гуруҳлари куч ва воситаларда катта устунликка эга бўлгани, бошқарилувчи авиабомбалар ёғдирилиши мудофаа яхлитлигини бузгани, артиллерия ўқ-дорилари етарли эмаслиги Украина қуролли кучлари Авдийивкадан олиб чиқилишида муҳим рол ўйнаган.

«Қуршовга тушиб қолишдан қочиш ва одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун мен Авдийивкадан чиқишга қарор қилдим. Афсуски, бу жанглар давомида 25 нафар украин ҳарбий хизматчиси асир тушди. Бу уруш», — деган бош қўмондон.

«Биз жанг вақтида жиҳозланган позициялардан фойдаланиб, рақибни Авдийивкадан узоқ бўлмаган ҳудудда тўхтатишга муваффақ бўлдик. Асосий истеҳком чизиғи яхши жиҳозланган ва анча нарида, мудофаамиз ичкарисида жойлашган. Айни вақтда деярли барча таҳдидли йўналишларда кучли мудофаа чизиқлари тайёрланмоқда», — деган Украина ҚК бош қўмондони.

Сирский учун ҳозир энг муҳими нима?

Асосийси — одамларни сақлаб қолиш. «Темир»ни тиклаш мумкин, аммо ўлган одамларни тирилтириб бўлмайди, дейди бош қўмондон.

Яна бир устувор масала — жамият бирдамлиги, сиёсий можаролар йўқлиги.

«Ишончим комил: Украинлар бирдамлик ва матонатни сақлаб қололса, Россия ҳеч қачон бизни жанг майдонида енга олмайди. Агар бир-бирингиз билан қуруқ сиёсий тортишувларга куч ва энергия сарфласангиз, бу ҳатто шунчаки мағлубиятга эмас, балки ҳалокатга олиб борадиган йўлдир», — деган Сирский.

Мавзуга оид