Жаҳон | 21:44 / 01.04.2024
11646
2 дақиқада ўқилади

АҚШ дунёда биринчи бўлиб «шовқинсиз» сувости кемасини ишлаб чиқарди – ОАВ

Бундай сув ости кемасини пайқаш жуда қийин ва баъзи ҳолларда деярли имконсиз экани таъкидланмоқда. 

Фото: U.S. Navy

АҚШ ядровий сувости кемасига инновацион магнит гидродинамик узатмани (МГУ) ўрнатди, бу унга «бутунлай шовқинсиз» ҳаракат қилиш имкониятини беради. 

Naval News нашрининг хабар беришича, АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари Virginia тоифасидаги USS Montana сувости кемасини модернизация қилиб, анъанавий эшкак винтни иш пайтида ҳеч қандай товуш чиқармайдиган магнит гидродинамик узатмага алмаштирган. 

USS Montana Мэн штатидаги Пенобскот дарёсида синовдан ўтказилади. Бу тасодифан эмас: ёпиқ сув ҳавзаси бошқа мамлакатларга синов жараёнини кузатиш имкониятини бермайди. 

Мудофаа бўйича илғор тадқиқот лойиҳалари агентлиги (DARPA) томонидан сувости кемалари учун овозсиз двигател яратилиши ўтган йили маълум бўлган эди. 

МГУ ишлаш принципи суперўтказувчи магнитлардан фойдаланишга асосланган бўлиб, улар сувни бир йўналишда ҳаракатга келтирадиган магнит майдон ҳосил қилади ва шу билан тортиш кучини яратади. МГУ ҳаракатланувчи қисмларга эга эмас, шунинг учун сув муҳитида кавитация эффекти йўқ. 

Амалда, бу шуни англатадики, бундай сувости кемасини пайқаш жуда қийин ва баъзи ҳолларда деярли имконсиз бўлади. Технологиянинг камчиликлари орасида бошқа анъанавий кемаларга нисбатан тортиш кучининг паст эканини санаш мумкин. 

Virginia — АҚШ учун тўртинчи (бугунги кун учун охирги) авлоднинг сўнгги кўп мақсадли ядро сувости кемаси тури ҳисобланади. Ушбу кемалар душман сувости кемаларига қарши курашиш, ердаги нишонларга ракета ҳужумлари ва саботаж операцияларини амалга ошириш учун мўлжалланган. 

Сувости кемасига 12 та вертикал учиргичдан учириладиган Томагавк ракеталари ўрнатилган. Унда торпедо ва мина қуроллари ҳам бор. Бугунги кунга қадар Virginia тоифасидаги 24 та сувости кемаси қурилган.

Мавзуга оид