Ўзбекистон | 21:09 / 03.04.2024
44526
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда ЙТҲ оқибатида Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлди

Саккиз киши ўлимига сабаб бўлган ЙТҲ Ақтўбе области ҳудудида рўй берган.

Фото: Видеодан кадр

3 апрел куни Самара-Чимкент трассасининг Қозоғистоннинг Ақтўбе области Маржонбулоқ қишлоғидан ўтган қисмида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Қозоғистон ИИВга алоқадор Polisia.kz канали хабарига кўра, ЙТҲ Volvo юк машинаси ҳамда Ўзбекистон фуқароси бошқарувидаги Toyota-Аlhpard минивэни иштирокида рўй берган.

Ҳодиса оқибатида минивэн ҳайдовчиси ва ундаги етти нафар йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Қурбонларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари экани айтилмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳаракат вақтида юк автомобилининг шинаси ёрилиб кетган, ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ва минивэн билан тўқнашган.

ЙТҲ юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари бошланган. Тегишли экспертиза тайинланган.

Бу йил бошидан буён Қозоғистонда Ўзбекистон фуқаролари ўлими билан якунланган навбатдаги йўл-транспорт ҳодисаси бўлмоқда. 20 январ куни Қозоғистон ҳудудида Ўзбекистон фуқаролари бошқарувидаги автомобиллар билан иккита ЙТҲ рўй берган ва тўрт ўзбекистонлик (улардан уч нафари бир оила аъзолари) ҳалок бўлганди.

Ундан олдинроқ, 11 январга ўтар кечаси Россиянинг Пенза областида Ўзбекистон фуқароси бошқарувидаги JAC минивэни бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишдаги юк машинасига тўқнашиши оқибатида саккиз нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлиб, яна бир киши жароҳатланганди.

16 январ куни эса Россиянинг Самара области Ставропол районида ҳам Ўзбекистон фуқаролари ўлимига сабаб бўлган ЙТҲ рўй берди, бу ҳолатда ўзбекистонлик ҳайдовчи бошқарувидаги Lada Largus қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, «Газел» юк машинаси билан тўқнашган, натижада енгил машинадаги уч киши ҳалок бўлиб, тўрт йўловчи шифохонага ётқизилганди.

Мавзуга оид