Жаҳон | 10:24 / 04.04.2024
7145
3 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореяда КХДРдан Россияга йўл олган кема ушланди

БМТ санкцияларини бузганликда гумон қилинаётган, маълум бир давлатга тегишли экани кўрсатилмаган DEYI юк кемаси қирғоқ қўриқлаш хизмати томонидан Пусан портига олиб кетилди. Жамоа юкни кўрсатишдан бош тортган.

Фото: Yonhap/picture alliance

Жанубий Корея қирғоқ қўриқлаш хизмати КХДРдан Хитой орқали Россияга йўл олган ҳамда маълум бир давлатга тегишли экани кўрсатилмаган DEYI юк кемасини Йосу шаҳри қирғоқлари яқинида ушлади, деб хабар берди Жанубий Кореянинг «Рёнхап» ахборот агентлиги 3 апрел, чоршанба куни хавфсизлик хизматидаги манбаларга таяниб. 

Жанубий Корея ташқи ишлар вазирлиги АҚШ билан ҳамкорликда кеманинг санкцияларни эҳтимолий бузишини текшираётганини тасдиқлади, аммо қўшимча изоҳ беришдан бош тортди. 

Қайд этилишича, ҳодиса тахминан 30 март куни содир бўлган ва БМТ Хавфсизлик кенгашининг Пхенянга қарши санкцияларини бузиш гумонлари билан боғлиқ. 3000 тонна сиғимли юк кемаси бортида 13 киши бўлган: капитан - Хитой фуқароси, шунингдек, Индонезия ва Хитой фуқаролари бўлган экипаж аъзолари. 

Экипаж тўхташ тўғрисидаги буйруқни бажаришдан бош тортгач, Жанубий Корея қирғоқ қўриқлаш хизмати кемани Пусан портидаги докка кўчирди. «Рёнхап» хабарига кўра, кема ҳақиқатан ҳам санкцияларни бузганми ёки йўқми ҳозирча номаълум, чунки экипаж трюмни очишдан ва ташилаётган юкни текширишга рухсат беришдан бош тортган. 

БМТнинг 2017 йилда қабул қилинган 2397-сонли резолюцияси давлатларга Шимолий Корея билан боғлиқ тақиқланган фаолиятда гумон қилинса, ўз ҳудудий сувларида исталган кемани тўхтатиш, текшириш ва мусодара қилиш имконини беради. 

Жанубий Кореянинг РФ компаниялари ва жисмоний шахсларига қарши санкциялари 

3 апрел куни Жанубий Корея, Сеулга кўра, Шимолий Корея мутахассисларини Россияга ишлашга жалб қилиш орқали «КХДРнинг ядровий ва ракета дастурларини молиялаштиришга» ҳисса қўшган икки нафар россиялик жисмоний ва икки юридик шахсга нисбатан санкциялар жорий қилди. 

Бундан ташқари, Россиянинг икки кемасига нисбатан санкциялар жорий этилди - Angara ва Lady R. Сеул улар БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларини бузган ҳолда «Россия ва Шимолий Корея ўртасида ҳарбий юк ташишда» иштирок этганини даъво қилмоқда. 

Март ойи охирида Россия БМТнинг ядровий ва ракета дастурлари туфайли Шимолий Кореяга қарши жорий этган санкциялар режимига амал қилиш бўйича назорат гуруҳи мандатини узайтиришга вето қўйган эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид