Ўзбекистон | 15:23 / 04.04.2024
6648
2 дақиқада ўқилади

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги раҳбарига ўринбосарлар тайинланди

Собиқ «Ўзстандарт» агентлигининг янги раҳбарининг уч нафар янги ўринбосари иш бошлади.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли карори билан Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги («Ўзстандарт») директорига уч нафар ўринбосар тайинланди. Бу ҳақда бош вазир матбуот котиби хабар бермоқда.

Хусусан, Абдурауф Абдуқаюмов Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари сифатида иш бошлаган.

У 1979 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2002 йилда Тошкент давлат техника университетини (магистр) тамомлаган. Муқаддам мазкур агентликда бошқарма бошлиғи сифатида ишлаган, охирги вақтларда агентлик директорига ўринбосар эди.

Абдурауф Абдуқаюмов

Одилжон Тоҳиров Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директорининг ўринбосари, Азамат Абдураҳмонов Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси бошлиғи этиб тайинланди.

Одилжон Тоҳиров муқаддам агентликда Мувофиқликни баҳолаш ва сифат тизимларини жорий этиш бошқармаси бошлиғи бўлган.

Одилжон Тоҳиров

Азамат Абдураҳмонов бунгача Энергетика вазирлиги Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси («Ўзэнергоинспкция») Тошкент шаҳри бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Азамат Абдураҳмонов

Техник тартибга солиш агентлиги 2021 йилда президент фармонига асосан Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги негизида ташкил этилган. Агентлик техник жиҳатдан тартибга солиш ва метрология соҳаларида давлат сиёсатини амалга оширувчи республика давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги «Ўзстандарт» агентлигининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Агентликка 2018 йилдан буён раҳбарлик қилиб келган Дилшод Саттаров 2024 йил январида «ўз тизимидаги камчиликлар ва сусткашлик» учун лавозимидан озод этилганди. Феврал ойида эса энергетика вазири ўринбосари Акмал Жуманазаров унинг ўрнига агентликнинг янги директори сифатида иш бошлаганди.

Мавзуга оид