Жаҳон | 11:59 / 07.04.2024
44037
5 дақиқада ўқилади

Россия мигрантлардан воз кеча олмайди. Чунки...

Терактга қадар ҳам Россиядаги мигрантларнинг аҳволи енгил эмас эди. Лекин терактдан кейин вазият ниҳоятда жиддийлашди. Хўш, Россия мигрантлардан воз кеча оладими? Кремлнинг мигрантлар сиёсати ўзгариши мумкинми ва Россияга энг кўп меҳнат ресурсларини етказиб бераётган Ўзбекистон давлатчилиги ва жамияти бундай вазиятда нима қилиши керак?

Бу ва бошқа саволларга жавоб бериш учун Россия географияси ва демографиясини, Ўзбекистон демографияси ва бошқа омилларни таҳлил қилиш керак бўлади.

Россия – ҳудудий жиҳатдан дунёдаги энг катта давлат. Россиянинг ер майдони 17 миллион 125 минг квадрат километрни ташкил қилади. Битта Россия ҳудудига иккита АҚШ ёки 71 та Буюк Британия сиғади. Ўзбекистоннинг ер майдони 448 минг квадрат километр бўлиб, Россия ҳудудига 38 та Ўзбекистон сиға олади.

Лекин Россия демографик жиҳатдан сўниб бораётган давлат. Бугун РФнинг аҳолиси 146 миллион атрофида экани айтилади. 2000-йилларнинг бошида Россия аҳолисининг йиллик қисқариши 750-800 мингни ташкил қилар эди. Путин ҳокимиятга келиб, кўплаб чораларни амалга оширди, жумладан “оналик капитали”ни жорий қилди. 2010-йилларда аҳоли қисқариши пасайди, ҳатто бироз ўсиш ҳам кузатилди. Лекин бугунги кунга келиб Россиядаги аҳоли қисқариши 450 минг атрофида экани расман айтилади.

Россиянинг меҳнат муҳожирларига эҳтиёжи – жуда катта ва табиий. РФ – дунёда АҚШдан кейинги иккинчи энг йирик меҳнат муҳожирларини қабул қилувчи давлат ҳисобланади. Россия расмий идоралари маълумотларига кўра, йиллик меҳнат муҳожирларининг сони сезонга қараб 4,7 миллиондан 7 миллионгача етиб боради. Лекин шундай бўлса-да, Россияга яна бир миллиондан ортиқ ишчи кучи кераклиги расмийлар томонидан кўп айтилади.

Бизнинг Россия билан боғлиқлигимиз – тарихий танловимиз эмас. 18-19-асрларда Европада бошланган колониализм сабаб Россия бизнинг минтақамизга босқинчилик юриши билан келди. Яъни биз Россияга бормадик, аксинча, Россия бизга бостириб келди ва тарихий боғлиқлик ўрнатди.

Демографик сўниб бораётган, лекин геосиёсий ва глобал амбициялари жуда катта бўлган Россиянинг меҳнат муҳожирларига эҳтиёжи қанчалик катта бўлмасин, минтақамиздан борган меҳнат муҳожирларига босим жуда кучли.

Сабаби – Россия сиёсий маданиятининг ўта агрессив, миллатчи ва зиддиятли эканида. Россия ўзини империя деб билади, империя сифатида кўришни истайди, айни пайтда постсовет ҳудудидаги бошқа давлатларга нисбатан миллатчи ва шовинистик қараш сезилиб туради.

Ўзбекистон – постсовет ҳудудидаги аҳоли сони реал рақамларда энг катта суръатларда ўсаётган давлат. Йиллик туғилиш сони 900 мингдан ошмоқда. Реал кўпайиш эса 680 мингдан ошади. Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш демографик ўсишга нисбатан бироз ортда қолмоқда. Шунинг учун Ўзбекистон ўзидаги колосса меҳнат ресурсларини экспорт қилишга мажбур бўлиб қолаверади.

Бунинг учун Ўзбекистон олдида учта йирик вазифа йўналиши туради.

Биринчидан, Россиядаги жуда катта миқдордаги меҳнат муҳожирларимизни тезда бошқа давлатларга йўналтириш – имконсиз. Шунинг учун Ўзбекистон давлати ва жамиятининг Россия билан муносабатларидаги муҳим векторлардан бири – ушбу давлатдаги муҳожирларимизни ҳимоя қилиш бўлиб қолаверади. Ватандошларимизни шундай ҳимоя қилишимиз керакки, бу жараёнда биз Россиянинг босимларига таслим бўлмаслигимиз, миллий манфаатлар ва миллий ғурурни мувозанатда ушлай олишимиз керак бўлади.

Иккинчидан, Ўзбекистон ўзининг меҳнат ресурсларини Россиядан бошқа давлатларга йўналтириш учун ватандошларимиз, айниқса, ёшлар хорижий тилларни оммавий ўрганиши, керакли мутахассисликлар олиши зарур бўлади. Дунёда демографик ўсиш суръати пасаймоқда, кўплаб ривожланган давлатларда ишчи кучига бўлган эҳтиёж кескин ошиб боради.

Таҳлилларга кўра, 21-асрдаги энг катта дефицит – ишчи кучи бўлади. Шунинг учун ўзбекистонликлар олдида танлаш имконияти кўпайиб бораверади. Россияга бориб қийналгандан кўра, ривожланган давлатларда малакали ва юқори маошли ишларда ишлаган маъқулроқ бўлади.

Учинчи ва энг муҳим йўналиш бу – Ўзбекистоннинг ўзида ишчи ўринлари яратишдир. Аслида, меҳнат ресурслари Ўзбекистоннинг ўзига керак ва кўп миллионли меҳнат муҳожирлари кучини Ўзбекистоннинг ўзида ўзлаштиришга муваффақ бўлсак – миллий бойлик яратиш, иқтисодий ўсиш, иқтисодий ва сиёсий қудрат парваришлаш ниҳоятда салмоқли даражада бўлар эди.

Бунга эришиш учун, давлат бошқаруви имкон қадар дифференциацияга учраши, инсон потенциали ўсишига имкон берувчи институтларни жонлантириш ва кучайтириш керак бўлади. Яъни маъмурий-сиёсий ислоҳотларни кучайтириш, кенгайтириш зарурати сақланиб қолаверади.

Мавзуга оид