Жаҳон | 20:52 / 13.04.2024
10303
2 дақиқада ўқилади

Россияда мигрантлар учун рус тили имтиҳонини ўзгартириш таклиф этилди

Рус тили институти Россияга келаётганлар учун имтиҳонларни ўзгартиришни таклиф қилди.

Фото: Sputnik / Виталий Аньков

Пушкин номидаги рус тили институти Россияга келаётганлар учун рус тили имтиҳонини ўзгартиришни, уни мураккаб қилишни таклиф этди.

Институт ректори Наталя Трухановская сўзларига кўра, меҳнат мигрантлари учун имтиҳоннинг оғзаки қисмини қайтариш тавсия этилади. У 2021 йилда имтиҳондан (нафақат рус тили, балки тарих ва қонунчиликни ҳам ўз ичига олади) олиб ташланган эди. Аммо Трухановская «оғзаки жонли мулоқот бўлажак меҳнат мигранти ўз касбини муносиб даражада бажара олишининг, жамиятда ижтимоийлашувининг асосий кафолати», деб ҳисобламоқда.

«Мигрант Россия тарихини билиши ва Москва харитасида Қизил майдонни қанчалик тез топиши унчалик муҳим эмас. У русча нутқни тушуниши керак», деб қўшимча қилди институт раҳбари.

Бундан ташқари, институт яшаш учун рухсатнома ёки фуқароликни олиш учун тестни баҳолашни қайта кўриб чиқишни таклиф қилди, бунда максимал 100 баллдан 50 балл эмас, балки 80 балл тўпланган бўлса, имтиҳондан ўтилган ҳисобланади.

Трухановская сўзларига кўра, институт таклифлари «резонанс беради», лекин уларни амалга ошириш «ҳар доим ҳам осон эмас».

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид