Спорт | 12:12 / 23.04.2024
11464
6 дақиқада ўқилади

Дербида муштлашув ва четлатишлар. Италияда чемпион расман аниқ бўлди

«Интер» тарихда 20-бор Италия чемпионига айланди.

«Милан» — «Интер» 1:2
Голлар:
Томори (80) — Ачерби (18), Тюрам (49).
«Милан» – Менян, Калабрия, Томори, Габбия, Эрнандес, Лофтус-Чик (Чуквуэзе, 68), Пулишич, Адли (Бинносир, 68), Рейндерс (Жиру, 52), Муса (Окафор, 77), Леау.
«Интер» – Зоммер, Дармиан (Думфрис, 84), Ачерби, Павар, Бастони, Димарко (Карлос Аугусто, 78), Мхитарян, Чалхонўғли (Аслани, 84), Барелла (Фраттези, 77), Тюрам, Мартинес.
Огоҳлантиришлар: Барелла (22), Мартинес (32), Эрнандес (36), Габбиа (90), Томори (90+2). 
Четлатишлар: Эрнандес (90+4), Думфрис (90+4), Калабрия (90+7).

Ўзининг азалий рақибига қарши ўйинда 20-скудеттосини қўлга киритиш ва эмблемасида иккинчи юлдузга эга бўлиш — ажойиб мақсад. Якшанба кунги ўйин олдидан нерадзурриларнинг икки мингдан ортиқ мухлиси «Интер» базасига ташриф буюриши футболчиларни янада руҳлантирди.

«Сан-Сиро»да ҳам улар фаолроқ қўллаб-қувватлаб, ўша иккинчи юлдуз шиша шарда акс этган баннерни кўтаришди, унда шундай ёзувлар битилганди: «Бизнинг қисматимиз — сизнинг даҳшатли тушингиз». Улар рақибларнинг йигирма титулдан фақат 19 таси майдонда ўйнаб қўлга киритилгани ҳақидаги арифметикасига тупуришади. Миланнинг қизил-қора қисмидагилар (худди Туриндагилар каби) «Моджигейт»ни эслатиб туришади, ўша иш туфайли «Ювентус» В серияга тушириб юборилган, скудетто-2006 эса ўша мавсумда иккинчи ўринни эгаллаган «Интер»га берилганди.

Бу дерби Стефано Пиоли учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга эди, у мавсум якунида истеъфога чиқарилиши ҳал қилиб бўлинган. Гарчи мураббийнинг ўзи келгусида ҳам «Милан»га кўп нарса бера олиши мумкинлигига ишонтираётган бўлса-да. Қолаверса, бу қаторасига бешта дерби бой берилганидан кейин «Интер»дан ўзига хос қасос олиш учун имконият эди.

«Биз яна бир дербини бой беришни истамаймиз. Улар скудеттога муносиб, аммо биз бу бугун рўй бермаслиги учун барча ишни қилишимиз керак», — деганди Пиоли. Аммо гап бошқа, амал — бошқа. Кадрлар муаммоси, классик марказий ҳужумчисиз ўйнаш қарори амалда россонериларни бутун ўйин давомида тишсиз қилиб қўйди — фақат ўйин сўнггидаги икки муштлашув ва уч четлатишни инобатга олмаганда.

Индзаги эса таркибда янги нарса ўйлаб топмади. У жамоаси шусиз ҳам кучлироқ эканини билиб турарди. Мухлислар голни узоқ кутишмади. 18-дақиқада тўп бурчакдан узатиб берилди, Павар тўпни янада орқароққа ўтказиб юборди ва дарвоза қаршисида бўш қолдирилган 36 ёшли ҳимоячи Ачерби осонлик билан ҳисобни очди.

Ҳайратланарли, аммо ушбу тажрибали футболчи фаолияти давомида кўплаб клубларда, жумладан «Милан»да ҳам ўйнаганига қарамай бирор марта Италия чемпиони бўлмаганди. Айнан Франческо чемпионлик ўйинида гол ургани рамзий аҳамиятга эга бўлди. У Симоне Индзаги билан «Лацио»да бирга ишлаган ва унинг ортидан «Интер»га келиб, чемпион жамоанинг асосий футболчиларидан бирига айланганди. Футболчи ва мураббий биргаликда катта йўлни босиб ўтишди. «Лацио»да кубок турниридаги ғалабадан Чемпионлар лигаси финали ва улар учун узоқ кутилган скудеттогача. Ачерби учун бу биринчиси. Индзаги учун — мураббий сифатидаги биринчиси, у охирги марта 24 йил олдинда «Лацио» футболчиси сифатида чемпион бўлганди. 

Беш дақиқа ўтиб А сериянинг энг яхши тўпурари Лаутаро Мартинес дарвозабон ҳудудида туриб Димарконинг узатмасидан кейин тўпни осмонга қаратиб тепди. Аргентиналик ҳужумчи мавсум якунида ўзига ўхшамаяпти. У мавсум давомида намойиш этган спорт формасини йўқотиб қўйган. 

Кейин эса ўйин тинчланди ва фақат бўлим охирига келиб жамоалар жонланишди. Аввалига Тюрам қулай имкониятни йўққа чиқарди, унинг жарима майдони марказидан йўллаган зарбаси устун ёнидан ўтиб кетди. «Милан» ҳам дарҳол биринчи бўлимдаги ягона голли вазиятини юзага келтирди: чап қанот ҳимоячиси Калабрия ҳужумга қўшилди, аммо Зоммер унинг яқин масофадан йўллаган зарбасини тўсиб қолди. Кейинги ҳужумда «Интер» иккинчи бўлимни қуруқ расмиятчиликка айлантириши мумкин эди, аммо Мхитарян Томорининг совғасидан фойдалана олмади.

Мураббийлар танаффусда ўзгаришлар қилишмади, иккинчи бўлим бошланганидан тўрт дақиқа ўтиб ҳисоб 0:2 кўринишига келди. Тюрам ниҳоят вазиятдан фойдаланди, гарчи зарба беришдан олдин Томорини алдаб ўтишга киришиб, эпизодни чўзиб юборган бўлса-да. «Милан» эҳтиёткорона ўйнашда давом этди ва кўп ҳужум қилмади. Фақат 80-дақиқада жамоа нима бўлганда ҳам гранд эканини эслаб қолди ва ғалабани шунчаки бериб юбормоқчи эмаслигини намойиш этди.

Бўлим бошида Тюрамнинг финтларига дош бера олмаган Томори ҳисобни қисқартирди. Кўп ўтмай ҳисоб тенглашиши мумкин эди, аммо Павар тўпни дарвоза чизиғидан қайтариб юборди.

Аммо Пиоли жамоаси якуний штурмни амалга ошира олмади. Ҳакам беш дақиқа қўшиб берди, аммо футболчилар бу дақиқаларда ҳужум қилиш ўрнга асосан муштлашиш билан шуғулланишди. Якунда уч футболчи четлатилди ва дерби номи оқланди.

«Интер» қаторасига олти дербида «Милан»ни мағлуб этди. Қолаверса, «Интер» қўлга киритилган скудеттолар сони бўйича «Милан»дан ўзиб кетди. Энди улардаги совринлар сони 19 тага қарши 20 та. Шу билан бирга, клуб футболкасида иккинчи юлдузга эга бўлди.

Чемпионлар лигасини эрта тарк этган бўлса-да, «Интер» мавсумни совринга ҳақли ўтказганди. Кейинги турда уй учрашувида Симоне мураббийлик фаолиятидаги илк чемпионликни нишонлаб, скудеттони боши узра кўтаради.

Мавзуга оид

Эълонлар

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Xiaomi жаҳон бозорида фотосурат санъатини янги чўққига олиб чиқувчи Xiaomi 15 сериясини тақдим этмоқда

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Xiaomi жаҳон бозорида фотосурат санъатини янги чўққига олиб чиқувчи Xiaomi 15 сериясини тақдим этмоқда

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи