Жаҳон | 22:00 / 30.04.2024
12393
3 дақиқада ўқилади

AstraZeneca коронавирусга қарши ўз вакцинаси тромб ҳосил қилиши мумкинлигини тан олди

Вакцина жуда камдан-кам ҳолларда «тромб ҳосил қилиши ва тромбоцитлар даражасини пасайтириши», бу эса ўлимга олиб келиши мумкин. 

Фото: Getty Images

AstraZeneca фармацевтика компанияси коронавирусга қарши кенг қўлланадиган ўзининг Covishield вакцинаси баъзи ножўя таъсирларни келтириб чиқариши мумкинлигини тан олди. Улар орасида қон қуюлиши оқибатида тромбларнинг ҳосил бўлиши ва тромбоцитлар даражасининг пасайиши бор. Бу ҳақда The Independent ёзди. 

Қайд қилинишича, Covishield британия-швеция компанияси томонидан Оксфорд университети билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ва Ҳиндистоннинг Serum институти томонидан ишлаб чиқарилган. Ушбу вакцина 150 дан ортиқ мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам кенг қўлланилган. 

Пандемия даврида олиб борилган баъзи тадқиқотлар шуни кўрсатдики, вакцина янги коронавирусдан 60-80 фоизгача ҳимоя қилади. Аммо кейинги тадқиқотлар натижасида Covishield баъзи одамларда тромбларни ҳосил қилиши, бу эса ўлимга олиб келиши мумкинлиги аниқланган. 

Нашрнинг ёзишича, Буюк Британияда судга киритилган жамоавий даъвода вакцина ўлимга ва жиддий жароҳатларга олиб келгани айтилади. Тахминан 50 нафар жабрланувчи компаниядан 100 миллион фунт стерлинг товон пули талаб қилган. Даъвогарлардан бири вакцина ўзида тромб ҳосил қилгани, оқибатда миясига жиддий шикаст етиб, меҳнат қилиш қобилиятини йўқотганини айтган. 

AstraZeneca бу даъволарга эътироз билдирган, аммо суд жараёни вақтида вакцина жуда камдан-кам ҳолларда «тромб ҳосил қилиши ва тромбоцитлар даражасини пасайтиришини» (тромбоцитопения билан тромбоз синдроми, ТТС) биринчи марта тан олган. 

«AZ вакцинаси жуда камдан-кам ҳолларда ТТС келтириб чиқариши мумкин. Сабаби номаълум. Бундан ташқари, ТТС вакцинасиз (ёки бошқа вакцина билан) ҳам келиб чиқиши мумкин. Ҳар бир ҳолат алоҳида экспертиза талаб қилади», дейилади компания баёнотида. 

Аввалроқ, AstraZeneca ТТС вакцина сабабли келиб чиқишини тан олмаган эди. Суддаги баёноти эса бунга зид экани айтилмоқда. 

Шу билан бирга, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Covishield ҳаёт учун хавфли бўлган ножўя таъсирларга эга эканини тасдиқлаган. 

«Ушбу вакцина билан эмланишдан кейин тромбоцитопения билан тромбоз синдроми (ТТС) деб аталадиган жуда кам учрайдиган ножўя таъсир аниқланди, бу тромбоцитлар даражасининг пастлиги билан боғлиқ бўлган ғайриоддий ва оғир қон ивиш ҳодисаси», деб хабар берди ташкилот. 

Тиббиёт фанлари халқаро ташкилотлари кенгаши маълумотларига кўра, «жуда кам учрайдиган» ножўя таъсирлар 10 минг ҳолатдан бирида юз беради.

Мавзуга оид