Жамият | 16:31 / 02.05.2024
28686
2 дақиқада ўқилади

Навоийда ЙПХ ходимлари кўз олдидаги қоидабузарликка кўз юмди

Дам олиш масканидан қайтаётган бир неча йигит Traverse машинасини бошқариб келиб, ЙПХ инспекторлари олдида тўхтаган ва сирена чалган. Инспекторлар эса “сизга мумкин” дегандай шунчаки кулиб қўя қолишган. Ҳозирда қоидабузар ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, машинаси жарима майдонига жойлаштирилган. Унинг қоидабузарлигига кўз юмган ЙПХ инспекторларига нисбатан эса хизмат текшируви тайинланган.

Фото: Видеодан кадрлар

Ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятида ёш йигитлар Traverse машинасини бошқариб келиб, ЙПХ инспекторлари олдида сирена чалгани акс этган видеолавҳа тарқалди.  Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, мазкур ҳолат жорий йил 28 апрел куни соат 17:00 лар атрофида Навбаҳор туманида жойлашган “Сармишсой” дам олиш масканидан чиқиш жойида содир бўлган. 

Шу куни Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ходимлари – катта сержант Д.Неъматов ҳамда сафдор Ғ.Мавлонов дам олиш масканидан қайтувчи фуқароларнинг йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ушбу ҳудудда хизмат олиб бораётган вақтларида Traverse машинаси ҳайдовчиси ходимларнинг олдига ҳаракатланиб келиб тўхтаб, уларнинг ёнида товуш чиқарувчи сирена мосламасидан фойдалангани аниқланган.  

Ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 127-моддаси 2-қисми (тегишли рухсатномасиз товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмаларни ўрнатиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Traverse машинаси эса вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган. 

Қўшимча қилинишича, Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ходимлари –  катта сержант Д.Неъматов ҳамда сафдор Ғ.Мавлоновнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган. 

Аввалроқ Самарқанд вилоятида ЙПХ инспектори ҳайдовчидан пора сўрагани учун ишдан бўшатилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид