Жаҳон | 08:15 / 02.05.2024
3236
3 дақиқада ўқилади

Тбилисидаги намойишлар: полиция қалампир газидан фойдаланди

«Чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунга қарши чиққан митинг иштирокчилари парламентнинг ён эшикларини чиқинди қутилари билан тўсиб қўйди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Тбилиси полицияси 1 май, чоршанба куни «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинган Гуржистон парламенти ҳудудини тарк этишдан бош тортган намойишчиларга қарши сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди.

NEWSGEORGIA Telegram-каналининг хабар беришича, «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунга қарши чиққан митинг иштирокчилари парламентнинг ён дарвозаларини чиқинди қутилари билан тўсган. Намойишчиларнинг баъзилари панжара устига чиқинди ташлаган. Полиция намойишчиларга қарши қалампир гази ва сув пуркагичлардан фойдаланган. Бундан ташқари, тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари намойишчиларга резина ўқлар отган. Саккиз нафар намойишчи касалхонага ётқизилган.

Ўз навбатида, республика Ички ишлар вазирлиги полиция намойишчиларга қарши резина ўқ ишлатмаганини маълум қилди. Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, намойишчилар парламент биноси яқинидаги кўча камераларини синдириб, тўсиқларни ёқиб юборган, ёпиқ дарвозалардан сакраб ўтмоқчи бўлган, шунингдек, панжара устидан оғир буюмлар ва келиб чиқиши номаълум бўлган кўздан ёш оқизувчи газ баллонларини улоқтирган.

1 май куни маҳаллий вақт билан соат 23.00 дан бошлаб Гуржистон парламенти биносида «қизил огоҳлантириш даражаси» эълон қилинди, унга кўра, парламент аппарати раҳбари белгилаган шахслардан ташқари барча унинг ҳудудини тарк этиши шарт. 

Намойишларда 60 дан ортиқ киши ҳибсга олинди

1 майга ўтар кечаси полиция Тбилисидаги оммавий намойишларнинг 63 иштирокчисини ҳибсга олди, деди Гуржистон ички ишлар вазири ўринбосари Александр Дарахвелидзе. Дарахвелидзе митинг иштирокчиларига нисбатан куч ишлатишни «намойиш зўравонлик характерига эга бўлгани» билан изоҳлаб, намойишчиларнинг «зўравонлик ҳаракатлари» натижасида олти нафар полиция ходими яраланганини қўшимча қилди.

Европа Иттифоқи Гуржистон хавфсизлик кучларининг ҳаракатларини қоралади. Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Х ижтимоий тармоғида Гуржистон ҳукуматини «чет эл агентлари» ҳақидаги қонунга қарши намойишчиларнинг тинч йиғилиш ҳуқуқини таъминлашга чақирди. «Уларни бостириш учун куч ишлатиш қабул қилиниши мумкин эмас», деди у. 

Мавзуга оид