Жаҳон | 16:54 / 15.05.2024
7890
6 дақиқада ўқилади

«Доим ўйлайсан — бу сафар қаерга?» Харкив аҳолиси ярим йилдан буён зарбалар остида яшамоқда. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 811-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Россия мудофаа вазирлиги Белгород узра 25 та реактив снаряд уриб туширилганини маълум қилди. Тинч аҳоли вакилларидан бири жароҳатланган.
  • Россия қўшини Харкивга авиабомба ташлади. Кўп қаватли уй зарбага учраши оқибатида 20 дан ортиқ киши яраланган.
  • Волгоград областида «ташқи аралашув» туфайли юк поезди издан чиққан. Baza маълумотига кўра, унга дрон ҳужум қилган.
  • РФ мудофаа вазирлигининг Кадрлар бош бошқармаси бошлиғи, генерал-лейтенант Юрий Кузнецов ўта йирик миқдорда пора олишда гумонланиб ҳибсга олинди.
  • Байден Россия урани импортини тақиқлаш тўғрисидаги қонунни имзолади.
  • Белгороддаги турар жой подъезди қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 17 нафарга етди.

Харкив ўққа тутилиши оқибатлари

РФ қўшини 2023 йил охирида Харкивни ўққа тутишни кучайтирганди. Қайриб ярим йилдан буён шаҳар мунтазам зарбалар остида яшамоқда. «Сен доимо ўйлайсан — қаерга? Ва дарҳол учиш траекториясини ҳисоблай бошлайсан… Ракета қаерга ва нима учун учиб келишини билмайсан», — деганди 2024 йил қишида Харкивда яшовчилардан бири BBC рус хизмати билан суҳбатда. Апрел ойи бошига келиб шаҳарда деярли бутун энергетика инфратузилмаси вайрон бўлди, деб хабар қилган Харкив мэри Игор Терехов. Май ойи бошида эса Россия қўшини Харкив областида янги юриш бошлади.

РФ қўшини Харкив бўйлаб зарба беришда давом этмоқда. 14 май куни кун давомида улар олти бор зарба йўллашди, жумладан шаҳарга дронлар билан ҳужум қилиб, УМБП Д-30 русумли янги бомбалар қўллашди, деб хабар берган област маъмурияти раҳбари Олег Синегубов. Шаҳардаги учта районда хусусий ва кўп қаватли уйлар, ўқув бинолари, автомобиллар шикастланган. 22 киши жароҳат олган.

Украина ФВДХ ходимлари 14 май кунги зарбадан кейин чиққан ёнғинни ўчирмоқда
Vlada Liberova / Libkos / Getty Images
Харкивда россияликлар зарбасига учраган кўп қаватли уй ҳолатини текшираётган қутқарувчи
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA
Россия зарбасига йўлиққан уйлардан биридаги квартирада вайронгарчилик
Pavlo Pakhomenko / NurPhoto / Getty Images
Уйи отишма вақтида шикастланган харкивлик аёл
Svet Jacqueline / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Россияликларнинг Харкив бўйлаб зарбаси оқибатларини бартараф этаётган ўт ўчирувчилар
Madeleine Kelly / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Украина ФВДХ ходимлари РФ қўшини С-300 зенит-ракета комплексидан Харкив томон учирган ракетаси қолдиғини олиб кетмоқда
Sergey Kozlov / EPA / Scanpix / LETA

Часив Яр яқинидаги украин артиллериячилари

РФ қўшини Харкив областида юриш қилишдан ташқари Донецк областида олдинга интилишларини ҳам тўхтатмаяпти. Часив Яр — Украина қуролли кучларининг фронтнинг мазкур участкасидаги муҳим таянч пункти. Украин жангчилари, жумладан артиллериячилар мудофаани ушлаб туришда давом этмоқда.

Diego Herrera Carcedo / Anadolu / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Diego Herrera Carcedo / Anadolu / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Д-30 гаубицалари 1960 йилда СССР армиясига қабул қилинган. Шундан буён Д-30 кўплаб йирик можароларда, жумладан Афғонистон, Югославия, Ироқ, Яман ва Сурияда қўлланган. Бундай қуролдан Россия босқинига қарши турган украин ҳарбийлари ҳам фойдаланмоқда
Diego Herrera Carcedo / Anadolu / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Украина ҚКнинг Донецк областидаги барқарорлаштириш пункти

«Холодний Яр» 93-алоҳида механизациялашган бригадаси Донецк областидаги жангларда 10 йилдан буён иштирок этиб келмоқда. Унинг жангчилари Донецк аэропорти мудофаасида ҳам бўлган. Рақибнинг сон жиҳатдан устун кучларига қарши турган ҳимоячилар «киборглар» номини олишганди. РФ қўшини Украинага кенг кўламли босқин бошлагач, 93-алоҳида механизациялашган бригада Сумини мудофаа қилганди, энди эса унинг жангчилари Донецк областида жанг қилмоқда. Украина қуролли кучларининг жангларда иштирок этаётган бошқа кўплаб бўлинмалари қатори 93-бригаданинг ҳам барқарорлаштириш пунктлари мавжуд, бундай нуқталарда ярадор жангчиларга биринчи ёрдам кўрсатилади — ҳоспиталга даволанишга юборишдан олдин уларнинг ҳолати барқарорлаштирилади.

Март ойи охирида шундай барқарорлаштириш пунктларидан бирининг фаолияти тўғрисида тайёрланган репортаж Current Time телеканалида кўрсатилганди. Бригада тиббий хизмати бошлиғи Анатолий Чуйкин ўшанда шундай деганди: «Шаҳардаги жанглар туфайли ўқотар қуролдан жароҳатланганлар сони кўпайди. Бундан ташқари, мерганлик гуруҳлари ишламоқда». Пункт нафақат 93-бригаданинг, балки бошқа бўлинмаларнинг ярадорлари, шунингдек тинч аҳоли вакилларини ҳам қабул қилади. «Даволанамиз ва душманни уриш учун позицияга қайтамиз», — деган ярадор жангчилардан бири.

Wojciech Grzedzinski / Anadolu / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Wojciech Grzedzinski / Anadolu / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Wojciech Grzedzinski / Anadolu / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Wojciech Grzedzinski / Anadolu / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Мавзуга оид