Жаҳон | 14:34 / 14.05.2024
17777
4 дақиқада ўқилади

Россия Мудофаа вазирлиги кадрлар бўлими бошлиғи ҳибсга олинди

Генерал Юрий Кузнецовнинг уйида ўтказилган тинтувда 100 миллион рубл, тилла тангалар ва қимматбаҳо буюмлар топилган. Уни ҳам Сергей Шойгунинг ўринбосари Тимур Иванов каби пора олишда айблашмоқда.

Юрий Кузнецов Фото: Россия Мудофаа вазирлиги

РФ мудофаа вазирлигининг Кадрлар бош бошқармаси бошлиғи, генерал-лейтенант Юрий Кузнецов ўта йирик миқдорда пора олишда гумонланиб ушланган, деб хабар бермоқда Тергов қўмитаси.

Айблов ушбу ҳарбий РФ қуролли кучлари Бош штабининг 8-бошқармасини (бу идора Россия қуролли кучларининг Давлат сирларини ҳимоя қилиш хизмати марказий органи ҳисобланади) бошқарган 2010-2023 йилларга алоқадор. 55 ёшли генерал Кадрлар бош бошқармасига 2023 йил майида бошлиқ бўлганди. Тергов маълумотларига кўра, Кузнецов «тижорий тузилмалар вакилларидан уларнинг фойдасига муайян ҳаракатлар амалга оширгани эвазига пора олган». Жиноий иш бўйича ҳозирча бошқа тафсилотлар маълум эмас.

Генералнинг яшаш жойида тинтув ўтказилган — уникидан рубл ва хорижий валютадаги жами 100 миллион рублдан ортиқ нақд пул воситалари, олтин тангалар, коллекция қилинган соатлар ва қимматбаҳо буюмлар мусодара қилинган, дейилади Тергов қўмитаси хабарида.

Аввалроқ «ВЧК-ОГПУ» телеграм-канали Юрий Кузнецов «уйда ушлангани», келган хавфсизлик кучлари эса «қасддан қаттиқ ҳаракат қилишгани» ва «бош ҳарбий кадрчининг Истра районидаги уйида ломлар билан дарвоза ва деразаларни синдириб ташлашгани» ҳақида хабар тарқатганди.

ТАСС агентлигининг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси маълум қилишича, Кузнецовни «генералга қарши кўрсатма берган иш доирасидаги иккинчи фигурантни сўроқ қилишдан кейин» ушлашган. ЖК 290-модда, 6-қисми бўйича Кузнецовга 8 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси таҳдид қилмоқда.

Юрий Кузнецов қўлга олиниши ҳақида 13 май куни кечқурун ҳукумат таъсиридаги телеграм-каналлар ҳамда ОАВнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбалари хабар берганди. Журналистлар суд сайтида мудофаа вазирлиги кадрлар бошқармаси бошлиғи Юрий Василевич Кузнецовнинг исми-фамилиясига мос келадиган карточкани учратишган. 13 май куни Москвадаги 235-гарнизон ҳарбий судида гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаш бўйича мажлис ўтказилган. «Коммерсант» нашрининг тергов органига яқин манбаси суд генерални ўта йирик миқдорда пора олиш айблови бўйича ҳибсга олганини маълум қилган.

Бу сўнгги вақтларда РФ мудофаа вазирлиги раҳбариятига қарши иккинчи шов-шувли жиноий иш бўлмоқда. 2024 йил апрел ойи охирида Москвада РФ мудофаа вазири ўринбосари, ҳарбий-саноат комплексига масъул бўлган Тимур Иванов қўлга олинганди. Ушбу генералга ҳам ўта йирик миқдорда — бир миллиард рублдан ортиқ пора олиш бўйича айблов эълон қилинган. ОАВ унинг ишида давлатга хиёнат бўйича эпизод ҳам борлигини хабар қилган, аммо Ивановнинг адвокати бу маълумотни рад этган. 

24 апрел куни Москвадаги Басманний суди Ивановни ўта йирик миқдорда пора олганликда айблаб, 23 июнга қадар тергов изоляторига жўнатди. Худди шу куни у лавозимидан четлатилди. Бир кундан кейин суд Иванов ва унинг қариндошларининг кўчмас мулки, активлари ва банк ҳисобрақамларини хатловга олганди.

Bloomberg нашри ёзишича, Сергей Шойгунинг яқин сафдошларидан бирининг қўлга олиниши ҳукуматда кутилаётган кадрлар алмашуви арафасида унинг мудофаа вазири сифатидаги позициясини заифлаштирган.

12 май куни Владимир Путин Сергей Шойгуни мудофаа вазири лавозимидан истеъфога чиқариб, уни РФ Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимига тайинлади. Шойгу вазирликни қарийб 12 йил мобайнида — 2012 йил ноябридан 2024 йил майига қадар бошқарганди. Ҳарбий идора раҳбарлиги учун эса бош вазирнинг иқтисодий масалалар бўйича собиқ ўринбосари Андрей Белоусовнинг номзоди илгари сурилган.

Мавзуга оид

Эълонлар

“Asialuxe Travel” билан Ҳургадага: денгиз, қуёш ва шарқона эртак

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

“Asialuxe Travel” билан Ҳургадага: денгиз, қуёш ва шарқона эртак

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

“Asialuxe Travel” билан Ҳургадага: денгиз, қуёш ва шарқона эртак

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти