Иқтисодиёт | 22:23 / 22.05.2024
15525
4 дақиқада ўқилади

Рақобат қўмитаси энергетика тарифлари бўйича қандай таклифлар берган?

Қўмитанинг позициясига кўра, юридик шахсларга газ ва электр учун олдиндан тўлов 50 фоиз бўлиб ўзгаришсиз қолиши, қишки мавсумда нафақат табиий газ, балки электр энергияси бўйича ижтимоий норма ҳам оширилиши, ижтимоий нормалар оилавий корхоналарга нисбатан қўлланилмаслиги керак.

Ихлос Роҳатов, Рақобат қўмитаси бўлим мутахассиси / Фото: Kun.uz

Рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси 22 май куни товар ёки молия бозорида устун мавқега эга хўжалик юритувчи субъектлар, табиий монополия субъектлари, рақамли платформа операторлари ва бошқа тегишли соҳаларда фаолият олиб бораётган хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда давлат идоралари ходимлари учун конференция ўтказди.

Тадбир доирасида Kun.uz'га интервю берган қўмитанинг Табиий монополияларни тартибга солиш бўлими мутахассиси Ихлос Роҳатов 1 майдан аҳоли учун кучга кирган янги энергетика тарифлари ва ижтимоий норма ҳақида гапириб, қўмита ҳукуматга ўз таклифларини берганини маълум қилди.

“2020 йилдан ижтимоий норма белгилаш масаласи кўтарилди. Рақобат қўмитаси ижтимоий норманинг фуқароларга қўлланиши, критерияларнинг белгиланиши борасида ўзининг таклифларини билдириб келди. Узоқ ҳудуддаги истеъмолчилар, суюлтирилган газ ва кўмирдан фойдаланадиган истеъмолчилар бор. Оилавий тадбиркорлик субъектлари, диний ташкилотлар бор – ижтимоий норма уларга ҳам таъсир қилишини инобатга олиб, биз уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича позициямизни билдирдик. Қарор қабул қилинганидан кейин ҳам Вазирлар Маҳкамасига фикрларимизни тақдим қилдик.

Оилавий корхоналарга [аҳоли учун белгиланган] нормаларни қўлламасликни таклиф қилдик. Оилавий корхоналар бир вақтнинг ўзида уйида электр, табиий газ, сув (оқова) ва иссиқликдан фойдаланган тақдирда аҳолига бегиланган нархлар амал қилиши кўзда тутилган. Янги нормаларнинг қўлланиши уларга ҳам таъсир қилади. Тадбиркорлик ривожлантириш мақсадида оилавий корхоналарга шу нормаларни қўлламаслик, шунингдек, электр ва табиий газ учун юридик истеъмолчиларга олдиндан тўловни 50 фоиз қилиб белгилаш юзасидан таклифлар киритганмиз”, – деди у.

Маълумот учун, 2024 йил 1 июдан бошлаб, юридик шахсларга газ ва электр учун 100 фоиз олдиндан тўлов тизими қайтарилади

Роҳатовнинг таъкидлашича, 2002 йилдаги 99-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарори билан агар ҳисобга олиш прибори ўрнатилмаган бўлса, ҳар бир истеъмолчи учун бир ойга норма 46 метр куб этиб белгиланган. Қўмита бу борада ҳам таклиф берган.

“Бу норма эртага истеъмолчиларга муаммолар келтириб чиқариши, табиий монопол субъектлар томонидан истеъмолчиларга қўлланиши юзасидан мавҳумлик ҳолатлари юзага келишини инобатга олиб, бу нормани қайта кўриб чиқишни ҳам тавсия қилдик. 99-сонли ВМ қарори иловасида истеъмолчилар учун белгиланган коэффициентлар назарда тутилган, ҳисобга олиш прибори бўлмаган истеъмолчиларда плитаси иккита бўладиган бўлса, 2 коэффициент қўлланиши назарда тутилган. Ўша коэффициентларни қайта кўриб чиқишни ҳам назарда тутганмиз. Чунки истеъмолчиларга ҳам коэффициент ҳам норма қўлланса, уларга оғирлик тушиб қолиши мумкин”, – дейди қўмита маъули.

Расмийнинг айтишича, ҳукумат қарори қабул қилингунга қадар, Рақобат қўмитаси томонидан табиий газ ва электр энергияси бўйича ижтимоий нормаларни истеъмолчилар эҳтиёжининг мавсумий ҳарактеридан келиб чиққан ҳолда белгилаш борасида таклифлар киритилган. Хусусан, қўмита қишки мавсумда электр энергияси бўйича нормани 500 kWh этиб белгилашни сўраган.

“Қўмита истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш позициясида қатъий қолади. Биз истеъмолчиларга электр ва газ узлуксиз ва сифатли етказиб бериш позициямизни билдирганмиз.

Газлаштирилмаган ҳудудларни суюлтирилган газ билан таъминлаш ва мазкур ҳудудларга хусусий секторни жалб этиш юзасидан Энергетика вазирлиги ва манфаатдор ташкилотлар томонидан президент фармони лойиҳаси тайёрланган. Газ тақсимоти, суюлтирилган газ тақсимотини хусусий секторга бериш ишлари амалга ошириляпти”, – деди Ихлос Роҳатов.

Мавзуга оид