27 майнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар
Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи, Ўзбекистонда атом энергетикаси истиқболлари ва ижтимоий ҳимоя учун 100 млн доллар — Ўзбекистонда 27 май куни юз берган муҳим ва шов-шувли воқеа-ҳодисалар ҳамда янгиликлар шарҳи билан таништирамиз.
Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи
Россия Федерацияси президенти Владимир Путин икки кунлик давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Тошкент халқаро аэропортида меҳмонни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Ўзбекистонга ташриф — бешинчи муддатга сайланган Владимир Путиннинг Хитой ва Беларусдан кейинги учинчи хорижий сафари бўлмоқда.
Владимир Путин Тошкент шаҳрига келгач, Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюрди.
Бугун Кўксарой қароргоҳида Россия Федерацияси президенти Владимир Путинни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Қароргоҳ олдидаги майдонда икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди.
Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путиннинг тор доирадаги учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Икки давлат етакчилари энергетика, шу жумладан атом энергетикаси, қишлоқ хўжалиги, инновациялар, миграция, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Аввалроқ олий даражадаги музокаралар давомида раҳбарлар Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилиши хабар қилинган эди.
Қайд этиб ўтиш керакки, Ўзбекистон-Россия муносабатларида сўнгги 7 йилда ўзаро савдо ҳажми 2 баробарга кўпайди.
Икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2017 йилдаги 4,73 миллиард доллардан 2023 йилда 9,88 миллиард долларгача ошди.
Россия Ўзбекистон учун энг катта экспорт бозори бўлиб қолмоқда. Жорий йилнинг дастлабки 4 ойида бу мамлакатга экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 26 фоизга ошиб, 1 млрд долларга етди.
Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров ҳам Ўзбекистонга амалий ташриф билан келди. У икки давлат раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтадиган Россия ва Ўзбекистон минтақалараро кенгаши йиғилишида қатнашади.
Чеченистон Республикаси раҳбарини Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов самимий ва меҳмондўстлик билан кутиб олгани хабар қилинди.
Ўзбекистонда атом энергетикаси истиқболлари
Ўзбекистон ва Россия 2,4 GW қувватли йирик атом электр станцияси қурилиши билан бирга, ҳар бирининг қуввати 55 MWгача бўлган 6 та реактордан иборат кичик АЭСлар қурилиши бўйича ҳам ҳамкорлик қилиши мумкин.
Россия ҳукумати томонидан 22 май куни қабул қилинган ва бугун эълон қилинган фармойишидага кўра, “Росатом” корпорацияси Ўзбекистон томони билан музокаралар олиб бориши, келишувга эришилгандан кейин 2018 йил 19 октябрдаги АЭС қуришда ҳамкорлик қилиш тўғрисида расмий Тошкент ва Москва ўртасида имзоланган ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш ҳақида протокол имзолаши керак.
Баённома лойиҳасида келтирилишича, томонлар Ўзбекистонда ҳар бири 1,2 GW қувватли иккита энергоблокка эга йирик АЭСни қуриш билан бирга, Россия лойиҳаси асосидаги ҳар бирининг қуввати 55 MWʼгача бўлган 6 та энергетика реакторидан иборат АЭС қурилиши бўйича ҳамкорлик қилиши мўлжалланган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта “Ўзатом” агентлиги Энергетика вазирлиги бўйсунувидан чиқарилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурига ўтказилган эди. Агентликка корхоналар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш, тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш, иқтисодиётдаги лойиҳаларни молиялаштириш ҳуқуқи берилди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ҳам ташкил этилди.
Ижтимоий ҳимоя учун 100 млн доллар
Жаҳон банки Ўзбекистонда «Инсон» лойиҳаси учун 100 млн доллар миқдорида имтиёзли маблағ ажратди. Лойиҳа 50 мингдан ортиқ аҳолига сифатли ижтимоий ва реабилитация хизматларидан фойдаланиш имконини беради.
Лойиҳанинг мақсади аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига мансуб одамлар учун ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятини ва уларнинг сифатини яхшилашдан иборат.
Лойиҳа қўшимча равишда Жаҳон банки қошидаги «Эрта ёшдаги таълим учун ҳамкорлик» кўп томонлама донорлик траст жамғармаси томонидан тақдим этилган 2 миллион долларлик грант воситасида молиялаштирилади.
Ушбу маблағлар маҳаллалар даражасида кўрсатилаётган ижтимоий хизматларнинг Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар фаровонлигига таъсирини баҳолаш ва уларнинг сифатини ошириш учун йўналтирилади.
Мамлакат бўйлаб маҳаллалар даражасида фаолият юритадиган 50 дан ортиқ ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказлари ташкил этилади. Уларнинг хизматлари аҳолининг ижтимоий ҳимояга энг муҳтож қатламларига қаратилган бўлади.
Об-ҳаво маълумоти
“Ўзгидромет” Ўзбекистонда ҳафта давомида қандай об-ҳаво бўлишини маълум қилди.
Ўтган ҳафта ёғиб ўтган ёмғирлар ва ҳавонинг салқинлашишидан сўнг ушбу ҳафта давомида қуруқ ва асосан кам булутли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.
“Ўзгидромет” хабарига кўра, фақат республиканинг айрим тоғли ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати +23…+28 даражадан +28…+33 даражагача аста-секин кўтарилади.
Иш ҳафтасининг охирига келиб шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда ҳарорат +35…+37 даражагача исийди.
27−29 май кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 метр/секундгача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Мавзуга оид
21:11 / 24.12.2024
24 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:14 / 23.12.2024
23 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:16 / 20.12.2024
20 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
20:30 / 19.12.2024