Ўзбекистон | 08:30 / 28.05.2024
2721
1 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида Жанубий Корея тажрибаси асосида кўчат экилади

Жанубий Корея тажрибаси асосида Нурафшон ва Бекобод шаҳарлари, Ўрта Чирчиқ, Тошкент ва Оҳангарон туманлари ҳудудидан жами 34 гектар ер майдони ободонлаштириш бошқармаларига бириктирилади.

Фото: Kun.uz

Тошкент вилоятида амалга оширилаётган Жанубий Корея тажрибаси асосида кўчат экилиши 10 кун муддатда таъминланади. Вилоят ҳокими Зоир Мирзаевнинг бу борадаги тегишли қарори қабул қилинди.

Жанубий Корея тажрибаси асосида Нурафшон ва Бекобод шаҳарлари, Ўрта Чирчиқ, Тошкент ва Оҳангарон туманлари ҳудудидан жами 34 гектар ер майдони 30 йил муддатга ободонлаштириш бошқармаларига бириктирилади.

Ҳар 1 гектар ер майдони учун маҳаллий бюджетдан 100 миллион сўм маблағ ажратилади ва томчилатиб суғориш тизими жорий қилинади.

Бунда, ерни тайёр ҳолга келтириб, дарахт экишга хоҳиши бўлган аҳолига ўзи истаган турдаги кўчатни экиши учун шароит яратиб, ҳар бир дарахт кўчат эккан шахс номига тамғаланади. Дарахтларни парваришлаш учун ободонлаштириш бошқармаси штатлари доирасидаги ҳар 1 гектар учун бир нафар ходим бириктирилади.

Шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари штат бирликлари доирасида “Яшил келажак боғи” бўлимлари фаолияти ташкил этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид