Жанубий Корея: КХДР чиқинди тўлдирилган юзлаб ҳаво шарларини учирди
Шарлар ҳар хил турдаги чиқинди: ҳожатхона қоғози, пластик бутилкалар, батареялар ва гўнг билан тўлдирилган. Расмийлар жамоатчиликни шарлар қулагани ҳақида хабар беришга ва уларга яқинлашмасликка чақирди.
Жанубий Корея Шимолий Кореяни чегарадан катта миқдордаги чиқинди шарларини учираётганликда айблади. Бу ҳақда 29 май, чоршанба куни «Ренхап» агентлиги хабар берди. Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси (JCS) таъкидлаганидек, сешанба куни кечқурундан бошлаб ҳаво шарлари чегарани кесиб ўтиб, мамлакатнинг турли жойларига қулаган. Чоршанба ҳолатига кўра, 150 дан ортиқ бундай шарлар аниқланган. «Шимолий Кореянинг бу ҳаракатлари халқаро ҳуқуқни очиқдан-очиқ бузади ва халқимиз хавфсизлигига жиддий таҳдид солади», — дейилади JCS баёнотида.
Жанубий Корея оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган шарларнинг фотосуратларида улар чиқиндилар, жумладан, ҳожатхона қоғози, пластик бутилкалар, батареялар, пойабзал қисмлари ва гўнг билан тўлдирилганлигини кўриш мумкин. Расмийлар жамоатчиликни шарлар қулагани ҳақида хабар беришга ва уларга яқинлашмасликка чақирди. Ҳарбийлар қулаган нарсаларни йиғиш ва текшириш учун кимёвий ва биологик таҳдид бўлинмаларини юборди.
Шимолий Кореянинг Жанубий Корея варақалари билан тўлдирилган шарларига жавоби
26 май куни КХДР расмийлари «чегара ҳудудига ташвиқот материаллари ва чиқиндиларнинг ташланишига жавобан чоралар кўришини» маълум қилди. Шимолий Корея жанубий кореялик фаолларнинг Шимолий Корея раҳбариятини танқид қилувчи варақалар, яриморол жанубидаги демократик жамият ҳақида маълумот берувчи ва шимолда тақиқланган Жанубий Корея поп-гуруҳларининг мусиқий видеолари бўлган USB’лар бўлган шарларни учираётганига жавоб қайтарди.
Жанубий Кореянинг аввалги ҳукуматлари фаолларнинг бундай кампанияларни ўтказишини тўхтатишга уриниб, улар тинчликни тарғиб қилмаслигини ва чегара яқинидаги аҳоли хавфсизлигига таҳдид солаётганини айтишган. 2021 йилда ҳаво шарларини учириш бўйича тақиқ кейинчалик Олий суд томонидан конституцияга зид деб топилган, чунки бу сўз эркинлигини бузган.
Мавзуга оид
16:31 / 18.12.2024
Исёнда айбланаётган Жанубий Корея президенти полиция сўроқига келмади
13:51 / 18.12.2024
10 давлат РФ ва КХДР ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни қоралади
12:10 / 18.12.2024
АҚШ: КХДР Курск яқинида юзлаб ҳарбийларини йўқотди
21:54 / 17.12.2024