Жаҳон | 22:56 / 04.06.2024
10601
4 дақиқада ўқилади

Россия хорижликлар учун «русийзабон» мақомини бекор қилмоқчи

Чет эл фуқароларини русийзабон сифатида тан олиш тартиби ўтган йили бекор қилинган, бироқ бир қатор қонунларда ушбу мақом эгаси олиши мумкин бўлган имтиёзлар мавжуд эди. Ҳукумат томонидан тайёрланган қонун лойиҳаси уларни бекор қилиши керак. 

Фото: РИА Новости

Чет элликлар Россияда энди русийзабон мақомини ололмайди ва унга боғлиқ имтиёзларга эга бўлолмайди. Тегишли қонун лойиҳаси Давлат Думасига кўриб чиқиш учун тақдим этилди, деб хабар берди «Российская Газета». 

Илгари, ушбу мақомдаги чет элликлар, яшаш учун рухсатнома ва Россия фуқаролигини олиш учун мурожаат қилиши мумкин эди. Чет эл фуқароларини русийзабон сифатида тан олиш тартиби ўтган йили бекор қилинган, бироқ бир қатор қонунларда ушбу мақом эгаси олиши мумкин бўлган имтиёзлар мавжуд эди. Ҳукумат томонидан тайёрланган қонун лойиҳаси уларни бекор қилиши керак. 

Қонунчиликдаги босқичма-босқич ўзгаришлар қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилгунга қадар русийзабон мақомини олган одамларга яшаш учун рухсатнома ва Россия фуқаролигини олиш учун қонунда назарда тутилган имкониятлардан фойдаланиш имконини берди. 

Шу билан бирга, қонун лойиҳасида «қондош тамойили» асосидаги эҳтимолий русийзабонларга нисбатан истиснолар ҳам мавжуд. Яъни, Россия империяси ёки СССР ҳудудида доимий яшаган одамлар Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Уларга яшаш учун рухсатнома беришнинг соддалаштирилган тартибини сақлаб қолиш назарда тутилган. 

Уларнинг яқин қариндошлари ҳам соддалаштирилган тартибдан фойдаланиши мумкин, деб тушунтирди «Мигрант сервис» иловасининг ижрочи директори Андрей Кладов. 

2015 йилдан 2023 йилгача Россия Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органларига 209 мингдан ортиқ чет эл фуқаролари русийзабон мақомини олиш учун ариза билан мурожаат қилган. Улардан 49 мингтасига яшаш рухсатномаси берилган, дейилади қонун лойиҳаси иловасида. 

Шу билан бирга, маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, русийзабонлар орасидан Россия фуқаролигига даъвогарларнинг 70 фоизидан ортиғи бошқа асосларга кўра яшаш учун рухсатнома олган. 

Шунингдек, қонун лойиҳасида малакали мутахассисларга яшаш учун рухсатнома олиш муддати ҳам тартибга солинади. Илгари, улар 6 ойдан сўнг яшаш учун рухсатнома олишга, 1 йилдан кейин эса фуқаролик учун ариза бериши мумкин эди. Энди бундай мутахассис Россияда 1 йил ишлагандан кейин яшаш учун рухсатнома олиши мумкин, аммо фуқароликни олиш имконияти умуман назарда тутилмаган. 

Ҳужжат муаллифлари қонунчиликдаги ушбу ўзгартиришни малакали мутахассислар Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар сифатида таснифланмагани билан изоҳлайди. Чунки унинг концепцияси Россия фуқаролигини расмий мезонлар асосида беришни назарда тутмайди, шахс ва Россия Федерацияси ўртасида ҳақиқий алоқа мавжудлигини ҳисобга олмаганда, албатта. 

Қонун лойиҳасидаги бошқа меъёрларга кўра, Россия фуқаролигидан ихтиёрий равишда воз кечганлар Россия ҳудудида 90 кунгача қолиши мумкин бўлади. Улар яшаш учун рухсатномани соддалаштирилган тартибда олиши мумкин. 

Аммо қалбаки, сохта ёки ҳақиқий бўлмаган ҳужжатлар тақдим этганлар, шунингдек, ёлғон маълумотлар асосида фуқаролик олганлар 15 кун ичида мамлакатни тарк этиши шарт. Қонунда бундай одамларнинг яшаш учун рухсат олиш имконияти белгиланмаган.

Мавзуга оид