Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сеул КХДР билан ҳарбий келишувни тўхтатади
Жанубий Корея Миллий хавфсизлик кенгаши ҳукуматга келишувни «икки Корея» ўртасида ўзаро ишонч тикланмагунча тўхтатиб туришни таклиф қилади. Аввалроқ Пхенян чегарадан 1000 га яқин чиқинди шарларини учирган эди.
Жанубий Корея Шимолий Корея билан ҳарбий келишувни бутунлай тўхтатяпти. «Миллий хавфсизлик кенгаши (МХК) 2018 йилда Кореялараро қурол-яроғларни қисқартириш тўғрисидаги пактни Шимолий Кореянинг Жанубий Кореяга кўп миқдорда чиқинди шарларини жўнатганига жавобан ўзаро ишонч тикланмагунча тўхтатиб туришга қарор қилди», деб хабар берди маҳаллий Yonhap агентлиги 3 июн, душанба куни МХК йиғилиши якунида эълон қилинган Жанубий Корея президенти маъмуриятининг пресс-релизига таяниб. Таклиф мамлакат вазирлар маҳкамасига киритилди, дея қайд этилган.
Йиғилиш иштирокчилари Пхеняннинг сўнгги пайтларда амалга оширган провокациялари Жанубий Корея аҳолисига «ҳақиқий зарар етказди ва хавф туғдирди», деб ҳисоблайди. «КХДР аллақачон баланд овозда бекор қилган 19 сентябрдаги ҳарбий келишув Корея қуролли кучларининг жанговар тайёргарлигида кўплаб муаммоларни келтириб чиқармоқда», - дея тушунтирилган Сеул қарорида.
2018 йил 19 сентябрдаги Кореялараро келишув ҳарбий соҳада давлатлар ўртасидаги кескинликни камайтириш чораларини назарда тутади. 2023 йилнинг ноябрида Сеул Пхенян разведка сунъий йўлдошини учиргани сабабли ушбу келишувнинг баъзи бандлари тўхтатилганини эълон қилди.
КХДР Сеулга чиқинди шарларини учиришни тўхтатмоқчи
Кеча Шимолий Корея жанубий қўшниси томон чегара орқали чиқинди билан тўлдирилган ҳаво шарларини учиришни вақтинча тўхтатиб қўйишини, бироқ Сеул КХДРга «Шимолий Кореяга қарши варақалар» юборса, уни қайтадан бошлашини маълум қилди. Бунгача Жанубий Корея КХДРга нисбатан «чидаб бўлмас» чоралар кўриши ҳақида огоҳлантирган, бироқ қандай чоралар кўришига аниқлик киритмаганди.
28 майдан 2 июнгача Жанубий Корея маълумотларига кўра, Пхенян томонидан «самимий совғалар» деб аталган сигареталар қолдиғи, маиший чиқиндилар, пластик ва гўнг солинган қоплар билан Сеул томон жами 960 га яқин шарлар учирилди. Жанубий Корея ҳарбийлари ушбу «юкларда» зарарли моддалар топилмаганини маълум қилди.
Яриморолдаги қўшнилар ўртасида ҳаво хабарларини алмашиш
Шимолий Корея расмийлари аввалроқ уларнинг жанубий қўшнисига «самимий совға»лари «чегара ҳудудига ташвиқот материаллари ва чиқиндиларнинг тез-тез сочиб юборилишига жавоб» эканини таъкидлаган эди. Шу тариқа Шимолий Корея жанубий кореялик фаолларнинг Шимолий Корея раҳбариятини танқид қилувчи варақалар, яриморол жанубидаги демократик жамият ҳақида маълумот берувчи ва шимолда тақиқланган Жанубий Корея поп-гуруҳларининг мусиқий видеолари бўлган USB’лар бўлган шарларни учираётганига жавоб қайтарди.
Жанубий Кореянинг аввалги ҳукуматлари фаолларнинг бундай кампанияларни ўтказишини тўхтатишга уриниб, улар тинчликни тарғиб қилмаслигини ва чегара яқинидаги аҳоли хавфсизлигига таҳдид солаётганини айтишган. 2021 йилда ҳаво шарларини учириш бўйича тақиқ кейинчалик Олий суд томонидан конституцияга зид деб топилган, чунки бу сўз эркинлигини бузган.
Мавзуга оид
20:27 / 09.06.2026
Си Жинпинг Пхенянда: Хитой ва КХДР муносабатларни «янги чўққилар»га олиб чиқмоқда
13:32 / 14.05.2026
Кореяга ишга юборишдаги йирик схема: Kun.uz бу ҳақда уч йил олдин бонг урган эди
20:18 / 11.05.2026
Ким Чен Ин ўзи ўлдирилган тақдирда, ядровий зарба билан қасос олишни буюрди
19:26 / 06.05.2026