Жаҳон | 07:31 / 06.06.2024
4159
3 дақиқада ўқилади

Чехияда поезд ҳалокатга учраши оқибатида тўрт киши вафот этди

Пардубице шаҳри яқинида йўловчи поезди ва юк поездининг тўқнашуви натижасида бир вагон релсдан чиқиб кетди. Ҳудудда транспорт ҳаракати тўхтаб қолган. Ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда.

Фото: Jiri Sejkora/via REUTERS

5 июн, чоршанба куни кечқурун Чехияда йўловчи поездининг ҳалокатга учраши оқибатида камида тўрт киши вафот этди. Вилоят губернатори Мартин Нетолицки Facebook’да RegioJet поезди ва юк поездининг тўқнашуви ҳақида ёзди. «Ҳозирги маълумотларга кўра, тўқнашув натижасида 4 киши ҳалок бўлган, қолганларнинг аҳволи оғир, ўнлаб кишилар енгил тан жароҳатлари олган», — дейилади хабарда.

Воқеа жойига етиб келган Чехия Республикаси ички ишлар вазири Вит Ракушаннинг тушунтиришига кўра, 20 киши енгил тан жароҳати олган, 3 нафари ўртача оғирликда. Турли манбаларга кўра, Чехия пойтахти Прагадан Словакиянинг Кошице шаҳрига кетаётган Regiojet хусусий темирйўл компаниясининг тунги экспрессида 200 нафардан 300 нафаргача одам бўлган. ČT24телеканали хабарига кўра, воқеа Прагадан 100 километр шарқда жойлашган Пардубице шаҳридаги асосий вокзал яқинида содир бўлган. 

Ҳодиса сабаби ҳозирча ошкор этилмаяпти. Эҳтимолий версия - машинист хатоси

Қутқарув ишлари ҳамон давом этмоқда, деди Пардубице қутқарув хизмати матбуот котиби Алена Кисиала. Нашр этилган фотосуратлар ва видеоларга кўра, тўқнашувдан сўнг Regiojet тезюрар поездининг локомотиви орқасидаги биринчи вагон релсдан чиқиб, қисман ағдарилиб кетган, юк поездининг локомотиви шикастланган. 

«Пардубицеда иккита поезднинг тўқнашуви - катта фожиа. Барчамиз ҳалок бўлганлар учун қайғудамиз», - деб ёзди Чехия бош вазири Петр Фиала Х ижтимоий тармоғида. 

Ҳодиса сабаблари ҳозирча ўрганилмоқда. Zdopravy.cz порталига кўра, аварияда иккала поезд машинисти ҳам омон қолган. «Ҳаммаси тўқнашув RegioJet машинисти хатоси туфайли содир бўлганини кўрсатмоқда», — дея таъкидлади портал воқеанинг ўз версиясини келтириб.

Бахтсиз ҳодиса транспорт ҳаракатини тўхтатиб қўйди 

«Юк поезди калций карбидини олиб кетаётган эди, бироқ дастлабки иккита вагон бўш эди, шунинг учун бошқа ҳеч қандай жиддий ҳодиса юз бермади», деди Пардубице тумани ёнғин хавфсизлиги бўлими матбуот котиби Вендула Ҳоракова ČT24 телеканалига. 

«Чехия темирйўллари» компанияси автоҳалокат йўл қисмидаги ҳаракатни тўхтатиб қўйганини айтди. Темирйўлчилар Пардубицедаги йўл бўйлаб ҳаракатланиш эрталаб соат саккизда тикланишини кутишмоқда. Компания маъмурияти йўловчилардан Пардубицега ёки Пардубице орқали поезд сафарини камида 6 июн кунига кечиктиришни сўради. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид