15:31 / 06.06.2024
3264

Politico: Украина F-16 учувчиларини тайёрлаш секин кетаётганидан норози

Украина ҳукумати F-16 қирувчи самолётлари учун учувчиларни тайёрлашни тезлаштирмоқчи, бироқ АҚШ ва Европа Иттифоқининг ўқув марказларида жой етишмаяпти, дея таъкидлайди Politico.

Фото: Mads Claus Rasmussen/Ritzau Scanpix/AFP

Украина расмийлари АҚШ ва бошқа давлатлардан F-16 қирувчи самолётлари учун учувчиларни тайёрлашни тезлаштиришни талаб қилмоқда. Бу ҳақда 6 июн, пайшанба куни Politico нашри хабар берди. Украина расмийларининг айтишича, ҳозирги тайёргарлик жараёни Киев тез орада ҳарбий ёрдам сифатида оладиган жанговар самолётни бошқариш учун етарли учувчиларни тайёрлашга улгурмаяпти, деб ёзади Politico. 

АҚШда украиналик учувчиларни ўқитиш учун жой етишмаяпти

Нашр манбаларига кўра, Украина зудлик билан 30 нафар учувчини F-16’дан фойдаланишга ўргатиш учун АҚШга жўнатишга тайёрлигини бир неча бор таъкидлаган. Бироқ Оқ уй Киевни Аризонадаги базасида жой йўқлиги ва сентябр охиригача бор-йўғи 12 нафар украиналик учувчини ўқитишга тайёрлиги ҳақида хабардор қилди, дея таъкидлайди Politico. 

АҚШ Вакиллар палатасининг разведка қўмитаси раиси Майк Тернер ҳам украиналик учувчиларни тайёрлашни тезлаштириш лозимлигини таъкидлаган, у май ойида бошқа расмийлар билан биргаликда Пентагонга ушбу масалага устувор эътибор берилишини талаб қилиб мактуб йўллади, деб ёзади нашр. 

Ўз навбатида, Оқ уй 30 нафар украиналик учувчини бир вақтнинг ўзида машғулотларга қабул қилишдан бош тортишини бошқа давлатлар ҳам F-16’дан фойдаланишга тайёргарлик кўриш учун навбатда тургани ва АҚШ бу борадаги мажбуриятларини бузолмаслиги билан асослади. 

Politico манбаларига кўра, Дания ва Руминиядаги бошқа F-16 учувчиларни тайёрлаш марказларида ҳам ўқув жойлари етишмовчилиги бор.

ЕИнинг тўрт давлати Киевга 60 дан ортиқ қирувчи самолётларни топширишни режалаштирмоқда 

Дания, Норвегия, Нидерландия ва Белгия ёзда Украинага Америкада ишлаб чиқарилган 60 дан ортиқ қирувчи самолётларни юборишни режалаштирмоқда, деб ёзади нашр. Тахминларга кўра, самолёт Украинага Россия Федерацияси билан ҳавода кураш олиб боришга ва рус қўшинларини фронт чизиғидан, масалан, Харкив вилоятидан узоқлаштиришга ёрдам беради. Бундан ташқари, Нидерландия ва Дания Киевга F-16 самолётларидан Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга ҳужум қилиш учун рухсат берди. 

Top