Ўзбекистон | 19:38 / 08.06.2024
5511
4 дақиқада ўқилади

Якуний бенефициарларни очиқлаш ҳақидаги қонун тақдири нима бўлди?

Икки йил олдин Адлия вазирлиги офшор компанияларга ўз бенефициарларини очиқлаш талаби қўйилишини кўзда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиққанини эълон қилганди. Вазирлик вакили Kun.uz'га берган изоҳида айтишича, лойиҳани ишлаб чиқиш жараёни ҳали ҳам давом этяпти, масъуллар бенефициарларни аниқлаш механизми устида бош қотирмоқда.

2022 йилнинг май ойида Адлия вазирлиги “Охирги бенефициар мулкдорлар ягона давлат реестри тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиққани ҳақида хабар берганди. Унда офшор ҳудудларда жойлашган компанияларга Ўзбекистонга киришда ўз бенефициарларини очиқлаш талаби қўйилиши кўзда тутилган.

Куни кеча Адлия вазирлиги масъул ходими Тимур Сафаров Kun.uz мухбирининг саволига жавобан қонунни қабул қилиш кечикаётганига изоҳ берди.

“Қонуннинг аҳамиятидан келиб чиқадиган бўлсак, [унда] охирги бенефициарларни шакллантириш масаласи ҳақида гап кетяпти. Бу, ўз навбатида, бенефициарлар рўйхатини шакллантириш бўйича электрон тизимни жорий қилишни назарда тутади. Албатта, бу қоғозда юритилмайди, маълумотлар базасини шакллантириш чора-тадбирлари назарда тутилган. Қонунда ёзилган масалалар эртага ўз аҳамиятини йўқотмаслиги ва у қандай ишлайди, тартибни қабул қилиб эртага яна ўзгартириш киритиш масаласи юзага келмаслиги учун ҳам бугунги кунда қонун лойиҳаси қайта кўриб чиқилмоқда. Ташкилот идоралар билан муҳокама қилиняпти”, – деди Темур Сафаров.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда якуний бенефициар ҳақидаги маълумотларни бенефициарнинг ўзи тақдим этадими ёки давлат бу маълумотларни корхонадан оладими, қандай шаклда хабар берилади, декларация тўлдириладими ёки қаердадир рўйхатда кўрсатиб ўтиладими – шу каби масалалар устида бош қотирилмоқда.

“Шуларни электрон юритиш масаласи ҳақида гап кетяпти. Чунки бенефициарлар рўйхати бўйича маълумот берилса-ю, лекин эртага ҳақиқий бенефициар бошқа одам бўлиб чиқадиган бўлса, у ҳолатлар қандай текширилади каби масалалар бор. Яқинда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг мониторинг жараёнларидан кейин [бизга] бенефициарлар борасида алоҳида саволлар тўплами келган. Қонун қандай ишлайди, қанақа текширилади деган масалалар бўйича биз қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқмоқдамиз”, – деди вазирлик масъули.

У ёзилган қоидалар ва амалиёт ўртасида тафовут келиб чиқмаслиги учун қонуннинг амалиётда муаммосиз ишлашини таъминлаш зарурлигини қўшимча қилди.

“Жуда фойдали қонун”

Эслатиб ўтамиз, Адлия вазирлиги ишлаб чиққан лойиҳада бенефициар мулкдорлар ягона давлат реестрини шакллантириш таклиф этилганди. Ундаги маълумотларни камида ҳар чоракда янгилаш, унда ёпиқ турдаги маълумотлар (шахсга доир маълумот) ҳам бўлиши назарда тутилган.

Вазирлик позициясига кўра, лойиҳа қабул қилиниши мамлакатда бизнес муҳитини ривожланган давлатлар стандартлари даражасига олиб чиқишга, коррупцияга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишни кучайтиришга, шунингдек, соҳада жамоатчилик назоратини такомиллаштиришга кучли пойдевор яратади.

Собиқ адлия вазири Русланбек Давлетов офшорлар бўйича қонун лойиҳаси жуда катта аҳамиятга эга эканини таъкидлаганди.

“Биз жуда кўп фирмаларни биламиз, муассиси ким, директори ким. Лекин охиригача етиб бўлмайди. Шунинг учун қонун билан бу нарсанинг охирига етиш керак.

Охирги бенефициар барибир юридик шахс эмас, жисмоний шахс бўлади. Ҳар қандай фирманинг охирида инсон туради. Шунинг учун мана шу қонун лойиҳасини ҳам ишлаб чиқдик. Буни ҳам жамоатчилик муҳокамасига берамиз. Қўллаб-қувватланса, қабул қилинса, жуда фойдаси бор”, – деганди у.

Офшор ўзи нима?

Баъзи мамлакатлар ёки ҳудудлар ўзига инвестицияларни жалб қилиш мақсадида солиқ имтиёзлари ва корпоратив талабларни юмшоқроқ белгилаши билан ажралиб туради. Бизнес юритишга қўйиладиган талабларнинг қатъий эмаслиги бу ҳудудларни ўз шахсини очиқламасликни маъқул кўрувчи инвесторлар учун жозибадор масканга айлантиради.

Яширин офшор компанияга эга бўлиш ноқонуний бўлмаса ҳам, махфий компанияларнинг мураккаб тармоғидан фойдаланиб пул ювиш (жиноий даромадларни легаллаштириш)нинг йўлларидан бири сифатида кўрилади.

Мавзуга оид