Ўзбекистон | 16:07 / 10.06.2024
16413
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг қатор ҳудудларига чигиртка тўдалари ёпирилди

Қозоғистоннинг Туркистон, Ақтўбе ва Қўстанай вилоятларидаги катта ҳудудга чигирткалар тарқалган. Мамлакат бош вазири ўринбосари Серик Жумангарин бу ҳужумни «мисли кўрилмаган ҳолат» дея баҳолади. Шунингдек, Бухоро вилоятининг айрим ҳудудларига ҳам чигиртка тўдалари ёпирилган. 

Фото: Видеодан кадр

Бухоро вилоятида чигирткалар ҳужуми юз берди. Ромитан туманидан ўтувчи А-380 Бухоро—Хоразм автомобил йўлининг Газли шаҳарчасига яқин қисмида чигирткалар ҳужум қилгани акс этган видеолар тарқалди.

Видеоларда тахминан 5-8 см катталикдаги чигирткаларнинг автомобил йўлида тўда-тўда бўлиб учаётгани, ҳудудда жойлашган бинолар деворларини тўлиқ қоплаб олганлигини кўриш мумкин.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг изоҳ беришича, Газли массивида кимёвий кураш тадбирлари олиб борилиб, ҳозирда зарарли ҳашаротнинг тарқалиш хавфи бартараф этилган.

Шунингдек, Қозоғистоннинг қатор ҳудудларида ҳам чигирткалар ҳужуми кузатилган. Мамлакат бош вазири ўринбосари Серик Жумангарин бу ҳужумни «мисли кўрилмаган ҳолат» дея баҳолади.

Қозоғистон ҳукуматининг маълум қилишича, Туркистон вилоятида жами 310 минг гектар майдонда чигирткалар тарқалганлиги аниқланган. Ақтўбе вилоятнинг 12 туманида 281 минг гектар ерга ишлов берилган. Қўстанай вилоятининг 5 туманида 29,4 минг гектар майдонда кимёвий тозалаш ишлари олиб борилган.

«Биз ҳеч қачон бу йилгидек катта чигирткалар тўдасининг тарқалишига дуч келмагандик. Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Давлат назорат қўмитасига барча процессуал масалаларни зудлик билан якунлаб, керакли техникаларни зарур бўлган ҳудудларга жўнатишни топшираман. Тиғиз пайтларда ҳафтасига икки марта штаб йиғилишлари ўтказамиз», — дея хулоса қилган Серик Жумангарин.

Мавзуга оид