Бойқўнғир яқинида Франция фуқароси вафот этди
Франциялик сайёҳнинг Бойқўнғир космодроми яқинида «аҳволи ёмонлашди» ва у «сувсизланишдан» вафот этди, деб хабар бермоқда Россия давлат матбуоти.
Франция фуқароси Бойқўнғир космодроми яқинидаги даштда «сувсизланишдан» вафот этди, деб хабар берди Россия давлат матбуоти 11 июн, сешанба куни.
РИА «Новости» манбасига кўра, икки француз космодром ҳудудига киришга уринган, бироқ даштда улардан бирининг аҳволи ёмонлашган. Унинг шериги дўстига ёрдам бера олмаган ва энг яқин йўлга қараб югурган, лекин у ерга етиб бориб, ёрдам сўрагунича, биринчиси вафот этган.
Шу билан бирга, ТАСС ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб, французлар космодромга кириб олишни режалаштирмагани, балки даштда суратга олиш билан шуғулланганини даъво қилмоқда. «Улар даштдаги биноларни суратга олишаётган эди, бироқ улардан бирининг аҳволи ёмонлашди, иккинчи сайёҳ эса назорат-ўтказиш пунктига ёрдам сўраш учун борган, бироқ ёрдам вақтида етиб келмаган», — деди агентлик суҳбатдоши.
Baza Telegram-канали Франция фуқароларининг шахсини очиқлади - 27 ёшли Николас Карбон ва аҳволи ёмонлашиб, кейинроқ вафот этган 25 ёшли Анжело Алебета. Хабар қилинишича, ҳудудда ҳаво ҳарорати +30 даражадан ошиб кетган, даштда сояли жойни топишнинг иложи бўлмаган.
Бойқўнғир космодроми Қозоғистонда жойлашган, аммо Россия Федерацияси космик фаолият учун зарур бўлган барча ҳудудни ижарага олади. У ташриф буюриш учун махсус рухсат талаб қилинадиган режимли объект. Франция расмийлари ҳозирча воқеа юзасидан изоҳ бермаган.
Мавзуга оид
23:05 / 22.11.2024
Франциядаги музейдан 7 млн евролик заргарлик буюмлари ўғирлаб кетилди
13:52 / 20.11.2024
Франция Ўзбекистонда француз тилини ўргатиш жараёнини йўлга қўяди
23:35 / 15.11.2024
Франция прокуратураси маданият вазирини судга топширишни талаб қилди
20:58 / 12.11.2024