Жаҳон | 13:23 / 12.06.2024
1209
3 дақиқада ўқилади

ЕИ Украинага хусусий сармояларни қўллаб-қувватлашни кучайтиради

Украинани тиклаш бўйича Берлиндаги конференция доирасида Европа Иттифоқи банклар билан хусусий сектор сармоясини рағбатлантириш учун тахминан 1,4 миллиард евролик шартномалар имзолайди, деди Еврокомиссия раҳбари.

Фото: Annegret Hilse/REUTERS

Европа Иттифоқи Украинага хусусий сармоя киритишни қўллаб-қувватлашни кучайтиради, деди Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Ляйен. Украинани қайта тиклаш конференцияси доирасида ЕИ Россия ҳужумидан жабр кўрган мамлакатга хусусий сектор инвестицияларини рағбатлантириш учун банклар билан тахминан 1,4 миллиард евролик шартномалар имзолайди, деди у 11 июн, сешанба куни Берлинда конференция иштирокчилари билан суҳбатда.

Фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, бу давом этаётган уруш билан боғлиқ инвестиция хатарларини камайтиришга қаратилган. Еврокомиссия раҳбари хорижий компанияларнинг Украинадаги фаолиятини ҳам юқори баҳолади. «Мен бизнес катта ҳисса қўшишга тайёр эканлигини биламан, - деди у. - Биз биргаликда Украинанинг тикланишини қўллаб-қувватлаш учун етарли молиявий имкониятларни сафарбар қиламиз».

Европа инвестиция банки банклар ва компанияларга кафолатлар беради

Ўз навбатида, Европа инвестиция банки Украина банкларига молиявий кафолатлар ва Европа компанияларининг Украинага экспорти учун маблағ ажратилишини эълон қилди. Ушбу кафолатлар банкларга Украина компанияларига 1 миллиард евродан ортиқ кредитлар ажратиш имконини беради, дейилади баёнотда. 

Яна 300 миллион евро кичик ва ўрта компанияларнинг Европа Иттифоқидан Украинага экспортини таъминлаш учун ажратилади. Шунингдек, асосий инфратузилма – мактаблар, шифохоналар ва ижтимоий уй-жойларни тиклаш учун миллионлаб евро ажратилади. 

Украинани қайта тиклаш бўйича учинчи конференция

11-12 июн кунлари Берлинда бўлиб ўтаётган Украинани қайта тиклаш бўйича икки кунлик конференцияда, жумладан, Украинадаги кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаш, зарур мутахассисларни излаш масалалари муҳокама қилиняпти. Тадбирда 60 мамлакатдан 2 мингга яқин иштирокчи – сиёсат, халқаро ташкилотлар, бизнес, фуқаролик жамияти, муниципалитетлар ва минтақалар вакиллари иштирок этяпти.

Украина билан ҳамкорликда ташкил этилган конференцияни ўтказиш орқали Германия ҳукумати Украинанинг тикланишига узоқ муддатли истиқболни тақдим этиш ва сармояларни рағбатлантириш ниятида. Бундан ташқари, гап Россия Федерацияси томонидан давом этаётган ҳужумлар фонида фавқулодда ёрдам кўрсатиш масалалари ҳақида кетяпти. Анжуманга Украина президенти Володимир Зеленский келди. 

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Россия Федерациясининг ҳарбий тажовузидан Украинага етказилган зарар аллақачон камида 486 миллиард долларни ташкил этяпти. Шунга ўхшаш конференциялар 2022 йилда Швейцариянинг Лугано шаҳрида ва 2023 йилда Лондонда бўлиб ўтди. Украина билан бирдамлик белгиси сифатида 10 июн оқшомида 147 метрли Берлин радиоминораси Украина байроғи рангларида ёритилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид