Жаҳон | 18:18 / 21.06.2024
5696
2 дақиқада ўқилади

Арманистон Фаластин мустақиллигини тан олганини эълон қилди 

Умуман олганда, Фаластин суверенитети БМТ 193 аъзосидан 147 таси томонидан тан олинган. 

Фото: Getty Images

Арманистон Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олади, дейилади мамлакат ТИВ баёнотида. 

Шунингдек, Арманистон БМТ Бош Ассамблеясининг Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюциясини қўллаб-қувватлаганини, шунингдек, «Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишидан, яҳудий ва Фаластин халқлари ўртасида мустаҳкам тинчлик ўрнатилишидан манфаатдор эканлигини» эслатди. 

«Турли халқаро форумларда биз ҳар доим Фаластин муаммосини тинч ва кенг қамровли ҳал этиш тарафдори бўлиб келганмиз ва Исроил-Фаластин можаросининг «икки давлат» тамойили асосида ҳал қилинишини қўллаб-қувватлаганмиз, бу фаластинликлар ва исроилликлар орзусини амалга оширишни таъминлашнинг ягона йўли эканига аминмиз», дейилади баёнотда. 

22 май куни Испания, Норвегия ва Ирландия Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олганини эълон қилди. Умуман олганда, Фаластин суверенитети БМТ 193 аъзосидан 147 таси томонидан тан олинган. 

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Фаластинни тан олиш қарорини «терроризм учун мукофот» деб атади.

Мавзуга оид