Ўзбекистон | 14:21 / 25.06.2024
51827
7 дақиқада ўқилади

“Кўз ўнгимда калтаклаб ўлдиришди” — Бекобод шаҳар ИИБ биносидаги ўлим тафсилоти

Тошкент вилояти Бекобод шаҳар ИИБ биносига олиб борилган 43 ёшли эркак вафот этди. Расмийларга кўра, фуқаро ички ишлар идорасига кириш йўлагида соғлиғи ёмонлашиши туфайли вафот этган. Марҳумнинг акаси укаси ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани оқибатида вафот этганини таъкидламоқда. Kun.uz мухбири ҳолатни ўрганиш учун Бекобод туманида бўлиб, марҳумнинг яқинлари билан суҳбатлашди.

Бекобод шаҳар ИИБ биносига олиб борилган 43 ёшли эркак вафот этди. Kun.uz мухбири Бекобод туманида бўлиб, ҳолатни ўрганди ва марҳумнинг яқинлари билан суҳбатлашди.

Тошкент вилояти ИИББ хабарига кўра, 43 ва 46 ёшли ака-ука қасддан баданга оғир шикаст етказишда айбланаётган 33 ёшли укасининг суд мажлисига борган. Улар укасига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганидан норози бўлиб, залда жанжал кўтарган ва жамоат тартибини бузган.

Мазкур ҳолатда жамоат тартибини тиклаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун суд залига ҳудудий ички ишлар бўлими ходимлари чақиртирилган. Етиб келган уч нафар ИИБ профилактика инспектори томонидан жанжал бартараф қилиниб, ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш мақсадида воқеа иштирокчилари шаҳар ИИБ биносига олиб борилган.

43 яшар фуқаро Бекобод шаҳар ИИБ биносига кириш йўлагида соғлиги ёмонлашиб, ҳушини йўқотгани, у шаҳар шифохонасига олиб борилгани ва кўрикдан ўтказилганда вафот этгани аниқлангани қайд этилган.

Лекин воқеа иштирокчиси Дилмурод Юсупвалиев марҳум укаси ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани оқибатида вафот этганини таъкидламоқда.

2024 йил 19 июнда суд бўлиб, укамга 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилди. Шунда дадамнинг жаҳли чиқиб, судядан нега бундай бўляпти, деб сўраган. Ички ишлар ходими дадамнинг елкасидан ушлаб, ўтир, деб сенсираб гапирган. Бундан укамнинг жаҳли чиқиб, нега ёши катта одамга сенсираб гапиряпсан, деганди иккитаси укамга ёпишиб кетди. Судя ҳам олиб чиқ, йўқот, деб турибди. Кейин мен турдим, қўлини қўйиб юбор, дедим. Кўчага чиқдик. Урмаган, сўкмаган бўлса, нега ёпишяпсизлар, деб сўрадим. Битта ходим укамга “мазангни қочириб ташлайман”, деган гаплар қилди, укам ҳам устингда форманг бор, бўлмаса бошқа жойда бўлса боравераман, деди.

Биттаси менинг ҳам шимимдан ушлаб олган. Ёш бола эмасман, қўйиб юбор, дедим. Ички ишлар бўлимига бирга кетдик. Дарвозасидан киришим билан учта ходим менинг ҳам қўлимни қайириб олиб кирди.

Иккитаси укамнинг қўлини қайириб турди. Биттаси дубинка билан урди, биттаси қорнига тепди, яна биттаси орқасидан урди. Кейин укам йиқилди. Тез ёрдам чақиринглар, мазам қочяпти, деди. Шу вақтда мени ҳам уришди, йиқилдим. Тез ёрдам чақиринглар, мазаси бўлмаяпти, дедим, шу пайт биттаси дубинка билан қулоғимга урди. Укамни 5-6 киши бўлиб яна уриб тепа бошлади, ҳаммаси ёш йигитлар экан. Учтаси оёғининг учи билан, биттаси оёғининг таги билан тепаверди. “Ноловка” деган хонанинг эшиги ёнида уришди.

Унинг қўшимча қилишича, навбатчига укасига тегмасдан тез тиббий ёрдам чақиришини айтгани билан чақирмаган.

Ўзимнинг телефоним судда қолиб кетган. Кўчага югуриб чиқдим, тез ёрдам чақиринглар, деб бақираверганимдан кейин “началник милиция”си чиқди. Кўчага чиққанимда яна иккитаси ичкарига олиб кирди мени. Ўша кўчага чиққанимда укамнинг жони узилиб бўлган экан. Пулсини ўлчаб, ўлганини билишган, биринчи олиб келган ходимлар йўқ экан кирсам, ҳаммаси қаергадир кетиб қолган. Битта ходим бўлса тушунтириш хати ёзиб беринг, деб юрибди ортимдан.

Сардор деган терговчи йигит билан укамнинг пулсини ўлчаб кўрдик. Сунъий нафас бериб, юрагини массаж қилдим. Мен чиқиб кетаётганимда укамнинг танасининг бир қисми калтакланган хонада, бир қисми коридорга чиқиб турганди. Мен келганимда коридорга чиқариб узала ётқизиб қўйишган экан.

Кўкариб, танаси совиб қолганди ўзи. Тили кетиб қолмаганмикан деб оғзини ҳам очиб кўрдим, тили жойида экан. Ўша ерда бақириб юрсам, “началник милиция”си менга, шантаж қилманг, бу ерда ким уради, ҳамма жойда камера-ку, деди. Бу нима деб қулоғимга урган жойини кўрсатдим, кийимлари оёқ изи бўлиб кетганди. Шунча гапдан кейин, ярим соат вақт ўтиб тез ёрдам чақиришди. Ҳушсиз ётган ҳолида навбатчи милиция келиб, сув бериб кўринг, биз берсак ичмаяпти, дейди.

Тез ёрдам келавермагач, ўзларининг машинасига ортиб олиб кетишди. Мен ҳам бораман десам, олиб қолиб, тушунтириш хати ёзиб берасиз, дейишди. Кўчадаги танишларга бақириб айтдим укамни касалхонага олиб кетишганини. Қайси касалхонада эканини билиб беринглар дедим ички ишлардагиларга, билиб беришмади. 3 соат мени ушлаб туришди ўша ерда. Нимага ушлаб ўтирганини билмайман.

Қулоғимга урганда контузия бўлган эканман, қулоқ пардам йиртилибди. Елкаларимда кўкарган жароҳатлар бор. Бир неча кунда йўқ бўлиб кетса ҳам керак. Ҳаммаси кўз олдимда бўлди, 5-10 дақиқа ичида бўлган воқеа бу нарса. Ҳозир истаётганимиз фақат адолат. Ёшликдан спорт билан шуғулланган, қўл жанги бўйича мусобақаларда қатнашган йигит эди. 4 нафар фарзанди бор, кичкинаси 1 ёшга ҳам тўлмаган. Бир-икки йилдан кейин катта қизи узатадиган ёшга етади. Шу 4 бола отасиз қолиб кетди энди”, дейди у.

Расмийларга кўра, фуқаронинг ўлими сабабларига аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳолат прокуратура органлари томонидан назоратга олиниб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Омбудсман томонидан Бош прокуратурага назорат хати юборилган ва унда ҳолат қонун талаблари доирасида кўриб чиқилиши, воқеанинг барча жиҳатлари очиқ ва адолатли суриштирилишини таъминлаш сўралган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсовнинг хабар беришича, ҳозирда воқеа содир бўлган жойларда мавжуд бўлган барча видеоёзувлар олинган. Гувоҳлар ҳамда воқеа иштирокчиларнинг кўрсатмалари текширилмоқда.

Унинг қўшимча қилишича, Ички ишлар органлари билан боғлиқ ҳолатда одам вафот этиши, юзага келган вазиятдан қатъи назар, фавқулодда ҳолат сифатида кўрилади ва воқеанинг барча иштирокчилари, шу жумладан, ҳар бир ходимнинг ҳаракатлари синчковлик билан, тўлиқ ва холисона ўрганилиши таъминланади.

Мавзуга оид