Жаҳон | 14:15 / 25.06.2024
7028
4 дақиқада ўқилади

Трамп Киевни Москва билан музокараларга мажбурлаш режасига эга — Reuters

АҚШнинг собиқ президенти ва янги президентлик сайловларига ҳозирлик кўраётган Доналд Трамп Украинадаги урушни якунлаш бўйича ўз маслаҳатчилари томонидан тайёрланган режани ўрганиб чиқмоқда.

​​​​​​​Доналд Трамп. Фото: rfi.fr

Доналд Трампнинг икки асосий маслаҳатчиси агар у президентлик сайловларида ғалаба қозонадиган бўлса, Украинадаги урушни якунлаш бўйича режани тақдим этишган. Кит Келлогг ва Фред Фляйцнинг режаларига кўра, Украина тинчлик музокараларига киришса АҚШдан янада кўпроқ қурол-яроғ олади, деб ёзади Reuters.

АҚШ Москвани ҳам музокараларга киришдан бош тортиш Украинани қўллаб-қувватлаш кучайтирилишига сабаб бўлишидан огоҳлантиради, деган истеъфодаги генерал-лейтенант ва Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиларидан бири Кит Келлогг.

Режага кўра, сулҳ музокаралари чоғида тўқнашув чизиқларида ўт очишни тўхтатиш жорий этилади. Фляйц собиқ президент бундай стратегияни ижобий қабул қилганини таъкидлаган.

«Мен у режани маъқуллади, ҳар бир сўзини қўллаб-қувватлади, деб таъкидлай олмайман. Лекин биз ўзимизга берилган жавобдан мамнунмиз», — деган у.

Бироқ, Трампнинг матбуот котиби Стивен Чунг фақат собиқ президентнинг ўз оғзидан янграган ёки унинг сайловолди кампаниясидаги ваколатли инсонлар томонидан билдирилган баёнотлар расмий ҳисобланишини қайд этиб ўтди.

Журналистларга кўра, Келлогг ва Фляйцнинг стратегияси сайловда ғолиб чиқса Украинадаги урушни тезда тартибга сола олишини таъкидлаган Трамнинг ҳаммаслакалари томонидан ишлаб чиқилган энг батафсил режа ҳисобланади.

Reuters мақоласида ёзилишича, режанинг асосий элементлари «Америка барчасидан устун» сиёсий институти томонидан эълон қилинган очиқ тадқиқот ишида баён этилган. Келлогнинг қайд этишича, агар сайловда Трамп ғалаба қозонадиган бўлса, Россия ва Украинани музокара столига тезроқ ўтқазиш муҳим аҳамият касб этади.

«Биз украиналикларга сизлар музокара столига ўтиришларингиз керак, акс ҳолда АҚШ томонидан қўллаб-қувватлаш якунланади, деймиз. Россия президенти Владимир Путинга эса музокарага киришиш лозимлиги акс ҳолда, Украинага жанг майдонида ғалаба қозониш учун барча зарур қурол-яроғлар берилишини айтамиз», — деган Келлог.

Тадқиқот ишида ёзилишича, Украинанинг НАТОга аъзо қилиш ваъдасини узоқроқ вақтга қолдириб Москвани музокараларга мажбурлаш мумкин.

Фляйцнинг қайд этишича, уларнинг режасига кўра Украина формал жиҳатда Россия фойдасига ўз ҳудудларидан воз кечиши керак эмас. Бироқ, унга кўра, яқин истиқболда Киев барча ҳудудлари устидан самарали назорат ўртана олиши амри маҳол: «Бизни ушбу уруш ёш йигитларнинг бутун бир авлодини қириб юбораётган ҳолдан тойдирувчи урушга айланиб кетаётгани ташвишлантирмоқда», – деган у.

Келлог ва Фляйцнинг сўзларига кўра, Украинада узоқ муддатли тинчликка эришиш учун Украина учун қўшимча хавфсизлик кафолатлари керак. Фляйцга кўра, «тиш-тирноғигача қуролланган Украина» бунинг асосий элементига айланиши эҳтимоли бор.

АҚШ президентлигига номзод Доналд Трамп бир неча бор Россиянинг Украинага қарши урушини 24 соат ичида туга олишини айтган. Шунингдек, Трамп Байден ҳеч қачон Украинага НАТО аъзолигини ваъда қилмаслиги кераклиги таъкидлаган. Трампнинг фикрича, Россиянинг кенг кўламли босқинига айнан Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш нияти сабаб бўлган. 

Мавзуга оид