Ўзбекистон | 21:40 / 02.07.2024
4938
5 дақиқада ўқилади

2 июлнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Шавкат Мирзиёв Қозоғистонга ташриф билан боради, тунги вақтдаги шовқинлар учун жарималар миқдори оширилмоқда, бюджет дефицити ошиб бормоқда ва учта туманда ҳоким ўринбосарлари пора билан ушланди — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз. 

Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга боради

Ўзбекистон президенти Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этади.

Мирзиёев Қозоғистон Республикаси президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев таклифига биноан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ва "ШҲТ плюс" форматидаги учрашувда иштирок этиш учун 3–4 июл кунлари амалий ташриф билан Остона шаҳрида бўлади.

Саммит кун тартибидан ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва ташкилот фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари ўрин олган. Халқаро ва минтақавий ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари ҳам кўриб чиқилади.

Йиғилиш якунида Остона декларацияси ҳамда иқтисодиёт, хавфсизлик, экология, энергетика, туризм ва бошқа кўплаб йўналишларда шерикликни кенгайтириш бўйича ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган. 

Тундаги шовқинлар учун жарималар оширилмоқда

Ўзбекистонда тунда фуқаролар осойишталигини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Ҳужжат билан билан фуқаролар осойишталиги ва нормал дам олишини бузадиган ҳаракатларнинг қатъий рўйхати тасдиқланмоқда.

Қонун лойиҳаси билан фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузадиган ҳаракатларнинг қатъий рўйхати тасдиқланмоқда. Шунингдек фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузишга йўл қўйилмайдиган вақтлар оралиғи белгиланмоқда.

Тунги вақтда — сутканинг соат 23:00 дан 6:00 гача бўлган вақт оралиғида, шунингдек дам олиш кунлари ва қонунчилик билан белгиланган ишланмайдиган байрам кунлари соат 22:00 дан 9:00 гача вақт оралиғида — фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш таклиф этилмоқда.

Бунга кўра, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилмоқда. Айни пайтда мазкур ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдори фуқароларга 113 минг сўм, мансабдор шахсларга эса 113 минг сўмдан 226 минг сўмгача бўлган миқдорни ташкил этади. 

Бюджет дефицити ошиб бормоқда

2024 йилнинг биринчи ярмида давлат бюджети даромадлари 115,8 трлн сўм, харажатлари эса 149,8 трлн сўмни ташкил этиб, тақчиллик 34 трлн сўмга етган. Бу – бир йил олдинги кўрсаткичдан қарийб 27 фоизга кўп.

Биргина июн ойида давлат бюджети даромадлари – 23 трлн 233,4 млрд сўм, харажатлари эса 27 трлн 879,9 млрд сўм бўлган. Салбий фарқ – 4 трлн 646,5 млрд сўмни ташкил этган.

Умумий ҳисобда ўтган олти ойликдаги давлат бюджети тақчиллиги 34 трлн 49 млрд сўмни ташкил қилган. Таққослаш учун, ўтган 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида давлат бюджети дефицити 26,8 трлн сўм бўлган. 

Учта туманда ҳоким ўринбосарлари пора билан ушланди

Қорақалпоғистоннинг Тахиатош ва Тошкент вилоятининг Бўка туманлари ҳокимларининг қурилиш, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосарлари, Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари тезкор тадбирларда пора билан қўлга олинди. Уларнинг барчасига қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. 

Тахиатош тумани ҳокими ўринбосари ҳокимлик балансида бўлган ва режавий бузилишга тушган уйни маҳаллий фуқарога бузиш ишларини олиб бориш ҳамда бузиш давомида чиққан материаллардан ўз хоҳишига кўра фойдаланиш (сотиш) ваколатини берувчи ҳужжатларни расмийлаштириб бериши эвазига 35 миллион сўм талаб қилган. Тезкор тадбирда ҳоким ўринбосари сўралган пул маблағидан 32 млн сўмни ўзининг хизмат хонасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Бўстон тумани ҳокимининг ўринбосари туман ҳокимининг экин майдонларини жойлаштириш тўғрисидаги қарорини чиқартириб, уни каврак ўсимлиги етиштирмоқчи бўлган тадбиркорга 3 йилга фойдаланишга бериш эвазига 10 минг доллар олган вақтида қўлга тушган.

Бўка туман ҳокими ўринбосари 2022 йилда қурилган кўп қаватли уй учун «Қурилиши тугалланган объектни фойдаланишга қабул қилиш тўғрисида давлат қабул қилиш далолатномаси»ни тасдиқлатиб бериш эвазига 1200 доллар олган вақтида ушланган.

Мавзуга оид