Лифт импорти юзасидан ҳукуматга таклифлар берилган — Рақобат қўмитаси
Таклифлар орасида ваколатли орган томонидан импортёр корхоналарнинг бекор қилинган мувофиқлик сертифатларини истисно тариқасида тиклаш, лифтларни синовдан ўтказиш ва мувофиқлик сертификатини бериш бўйича хизматлар бозорига хусусий секторни кенг жалб қилиш масалалари ҳам бор. Аввалроқ лифт импорти сунъий равишда тўхтатиб қўйилган, шу сабаб хориждан олиб келинган лифт ва эскалаторлар божхона омборларида қолиб кетаётгани хабар қилинганди.
Ўзбекистонда лифт импортининг сунъий равишда тўхтатиб қўйилиши атрофидаги хабарларга Рақобат қўмитаси расмий муносабат билдирди.
Қўмита лифт ва лифт маҳсулотларини импорти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини қийнаётган масалаларни бартараф этиш мақсадида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилганини билдирган.
“Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан чоп этилган бир гуруҳ тадбиркорларнинг мазкур мурожаатига асосан, лифт ва лифт ускуналарини импорт қилишда вужудга келаётган муаммолар ваколат доирасида ўрганиб чиқилганда қуйидагилар маълум бўлди.
“Саноат хавфсизлиги” давлат муассасасининг хабарига кўра, лифт ускуналарига 3-чизма асосида берилган мувофиқлик сертификатлари Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 октябрдаги 801-сон қарори билан тасдиқланган регламентга киритилган қўшимча талабларга асосан бекор қилинган. Шунингдек, “Саноат хавфсизлиги” давлат муассасасининг маҳсулотларни сертификатлаштириш органи фаолияти даврий баҳолаш натижаларига кўра вақтинчалик тўхтатилган.
Бироқ, лифтларнинг хавфсизлигига доир қўшимча талаблар сақлаб қолинганлиги, ишлаб чиқариш жараёнига (3-чизма бўйича) берилган 17 та мувофиқлик сертификатларининг амал қилиши тўхтатилганлиги сабабли импортёр корхоналар томонидан бугунги кунда республика ҳудудига олиб келинган лифт ва эскалатор ускуналар омборларда қолиб кетмоқда”, дейилади муносабатда.
Қайд этилишича, Рақобат қўмитаси томонидан лифт ва лифт маҳсулотларини импорти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини қийнаётган масалаларни бартараф этиш мақсадида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамасига қуйидаги таклифлар киритилган:
- ваколатли орган томонидан бекор қилинган 17 та мувофиқлик сертифатини истисно тариқасида тиклаш чораларини кўриш;
- мавжуд бўлган синов лабораторияларининг моддий-техника базасини яхшилаш учун(лифт, лифт ускуналари ва эскалаторларни синовдан ўтказиш синов учун зарур бўлган синов миноралари ва асбоб-ускуналарни олиб кириш) чет-эл грант маблағларини жалб этиш чораларини кўриш;
- лифтларни синовдан ўтказиш ва мувофиқлик сертификатини бериш бўйича хизматлар бозорига хусусий секторни кенг жалб қилиш чораларини кўриш;
- сертификатлаш жараёнида бир шартнома доирасида олиб келинаётган марка ва модели бир хил бўлган лифт товарларини фақатгина бир нусхасини синовдан ўтказиш орқали уларга битта мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш амалиётини жорий қилиш.
Лифт муаммоси қандай келиб чиқди?
Kun.uz аввалроқ хабар берганидек, лифт импорт қилувчи тадбиркорлар 20 мартдан бошлаб товарларини божхонада ўтказа олмай қолган, чунки уларга берилган мувофиқлик сертификатлари кутилмаганда бекор қилинган. Саноат хавфсизлиги қўмитаси масъуллари буни лифтларга қўйиладиган талаблар ўзгараётгани билан изоҳлаган.
Маълум бўлишича, ҳозирда “Саноат хавфсизлиги” давлат муассасаси аккредитациясининг амал қилиши тўхтатилган ва шу сабаб мувофиқликни баҳолаш бўйича фаолият юритаётган ва аккредитация қилинган сертификатлаш органи мавжуд эмас.
Бу – тадбиркорлар мурожаатидан кейин Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг ўрганишларида маълум бўлган.
Импорт тўхтатилгунга қадар “Саноат хавфсизлиги” давлат муассасаси республикада саноат маҳсулотини (лифт, эскалатор, газбаллон, иситиш қозонлари) сертификатлаштириш бўйича аккредитациядан ўтган ягона орган ҳисобланган. Кейинроқ унинг аккредитацияси бекор қилинган. Аммо нима сабабдан бекор қилинганига Сенатнинг хабарида ойдинлик киритилмаган.
Аниқланишича, божхона омборларида 47 та корхона томонидан олиб келинган, қиймати 9,5 млн доллар бўлган 332 та лифт ва эскалатор назоратда турган.
Олдинроқ Сенат аралашуви билан божхонада қолиб кетган лифтлар чиқарилгани, лекин муаммо ҳал бўлмагани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
11:07 / 18.12.2024
Бир қатор нодавлат таълим муассасаларида қонунбузарликлар аниқланди
17:42 / 16.12.2024
7,2 млрд сўмлик тендер савдолари ихтиёрий равишда бекор қилинди
12:22 / 13.12.2024
Рақобат қўмитаси Yandex Go’ни огоҳлантирди
16:39 / 27.11.2024