Ўзбекистон | 19:00 / 09.07.2024
28860
3 дақиқада ўқилади

Вазир хусусий университетларга лицензия бериш тўхтатилганини маълум қилди

Хусусий университетларга лицензия бериш тўхтатилган. Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов буни сифатсиз кадрлар ва ишсиз олий маълумотлилар кўпайиб кетиши олдини олиш учун деб изоҳлаган.

Фото: Видеодан кадр

Хусусий университетларга лицензия бериш тўхтатилган. Бу ҳақда олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов “Lolazor”лойиҳасидаги суҳбат давомида айтиб ўтган. Шариповнинг изоҳ беришича, ҳозиргача Ўзбекистонда хусусий олийгоҳлар етарлича, энди улардаги таълим сифати назорати кучайтириляпти. Вазир олийгоҳларда таълим сифати тушиб кетса, кадрлар ишсиз қолиб кетиши, жамиятда ишсиз олий маълумотлилар кўпайиб кетиши мумкинлигини билдирган.

Шу сабабдан ҳозир хусусий университетларга лицензия бериш тўхтатилди. Ҳозир бор университетлар билан ишланяпти. Таълим сифати нуқтаи назаридан барча олий таълим муассасалари текширувдан ўтяпти. Қайсида салоҳият етишмаётган бўлса ёки ҳажми кўпайиб кетаётган бўлса, уларга хат бериляпти. Маълум бир вақт ичида тўғрилашса, уларнинг фаолиятига ҳеч қандай халақит бўлмайди. Айтайлик, бунга жавоб бермайдиганлар судга бериляпти. Суд жараёнида улар ўзларини оқласа, лицензияси сақлаб қолиняпти. Қолмаса, бекор бўлади”, – деган Қўнғиротбой Шарипов.

Шунингдек, у мамлакатда давлат университетлари билан бор қаторда хусусийлар ҳам бўлиши муҳимлигини, нодавлат олийгоҳлар талабаларнинг хорижга кетиб қолмаслигига ёрдам беришини, улар “балансни ушлаб” туради деган фикрдалигини қўшимча қилган.

Давлат университетларида талабаларнинг максимал сиғимини олиб бўлдик. Аҳоли сони 2 баробар кўпайиб кетди, лекин биноларни 2 баробар кўпайтириш қийин. Улар қўшни давлатларга чиқишни бошлади. Энди буларнинг ҳаммаси ҳам ўқияптими? Фирибгарларга тушиб қолиб, сохта диплом олаётганлар ҳам бор. Бу биз билганларимиз, билмаганларимиз ҳам бор. Мана шу муаммонинг ечими хусусий университетлар очилиши деб ўйлайман”, – деган вазир.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2023 йил феврал ойидан бери хусусий ОТМга лицензия берилмай келаётган эди. Лекин бу ҳали бирор расмий минбарда тан олинмаганди.

Олдинроқ, Kun.uz ёпилаётган нодавлат олий таълим муассасалари ҳақида суриштирув эълон қилган эди. 

Мавзуга оид