Хориждан Ўзбекистонга пул ўтказмалари 25 фоизга ошди — Нурмуродов
Марказий банк раисининг маълум қилишича, биринчи ярим йилликда Ўзбекистонга пул ўтказмалари миқдори прогноздан икки баробар кўп – 6,5 млрд долларни ташкил этган. Бу меҳнат миграцияси географиясининг диверсификацияси давом этаётганидан дарак беради. Шунингдек, олтинсиз экспортнинг кўпайиши ва импортнинг мувозанатлашуви билан, сўмнинг айирбошлаш курси барқарорлашган.
Йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 6,5 млрд долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25 фоизга кўпайган. Бу ҳақда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов 25 июл кунги матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“Биз декабр, апрел ойларидаги прогнозларимизда пул ўтказмалари 11-12 фоиз миқдорида ўсишини тахмин қилган эдик, ҳақиқатда бу ўзгариш бизнинг тахминларимизга қараганда 2 баравар юқори суръатларда ўсмоқда.
Яна бир ҳолат – меҳнат миграцияси географиясининг ўзгариши ва иш кучининг мамлакатлараро диверсификациясининг давом этаётгани. Агар рақамларда айтадиган бўлсак, АҚШдан келадиган пул ўтказмалари ўтган йилга қараганда 43 фоизга, Германиядан пул ўтказмалари 64 фоизга, Полшадан келадиган пул ўтказмалари қарийб 2 баравар (93 фоиз)га, Жанубий Кореядан пул ўтказмалари 1,9 баробарга ўсди”, – дея Нурмуродовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
МБ раҳбарига кўра, Россиядан келаётган пул ўтказмалари улуши икки йил олдин 81-82 фоизни ташкил этган, 2024 йил биринчи ярим йиллик якунлари бўйича бу кўрсаткич (4 млрд 950 млн доллар) 77 фоизга тушган. Январ-июн ойларида Қозоғистондан 347 млн, АҚШдан 271 млн, Кореядан 267,3 млн доллар пул ўтказилган.
“[Россиядан] пул ўтказмалари сонида ҳам [камайишни] кўриб турибмиз. Нафақат сумма, қанча миқдорда, нечта транзакция бўлаётганини кузатиб борамиз, у ерда ҳам камайиш кузатиляпти”, – деди у.
Мамаризо Нурмуродовнинг таъкидлашича, биринчи ярим йилликда асосий савдо ҳамкорларидаги юқори иқтисодий ўсиш, экспорт хомашё товарларининг биржа нархлари қулай шаклланиши таъсирида олтинсиз экспорт ҳажми 11 фоизга ўсган. Импорт ҳажмининг ўсиши мувозанатлашиб, 10,6 фоизга тенг бўлди, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврида 17 фоизни ташкил қилганди.
Экспорт ва пул ўтказмаларининг кўпайиши натижасида иқтисодиётга валюта оқими сезиларли ошиши кузатилмоқда. Бунинг натижасида сўмнинг айирбошлаш курси нисбатан барқарорлашган. Биринчи ярим йилликда сўмнинг АҚШ долларига нисбатан курси 1,8 фоизга қадрсизланган.
Жорий тенденцияларга асосан, йил якунида тўлов балансининг жорий операциялар ҳисобварағи тақчиллиги қисқариши кутилмоқда, деди Нурмуродов.
Унинг қайд этишича, йил якунида умумий инфляция 9 фоиз атрофида шаклланиши (апрелдаги прогноз 9-11 фоиз эди), 2025 йил охирида 5 фоизлик таргет даражасига яқинлашиши кутиляпти.
Шу ва бошқа омиллар сабаб МБ асосий ставкани 0,5 фоиз бандга пасайтириб, 13,5 фоиз деб белгилаган.
Мавзуга оид
11:23 / 01.11.2024
«Биз учун қизиқлиги унинг қайси нархда кириб келиши» – МБ раиси энергетика ресурслари импортида Россияга қарамлик ҳақида
19:37 / 31.10.2024
«Валюта курсининг 1 фоизга қадрсизланиши инфляцияга 0,3-0,4 фоиз таъсир кўрсатиши мумкин» - МБ раиси
18:04 / 31.10.2024
Хориждан Ўзбекистонга пул ўтказмалари 34,8 фоизга ошди – Нурмуродов
23:37 / 23.10.2024