Жаҳон | 10:11 / 29.07.2024
27601
3 дақиқада ўқилади

Исроил ташқи ишлар вазири Туркия президентининг таҳдидига жавоб қайтарди

Исраэл Кац Ражаб Тоййиб Эрдўғанни Саддам Ҳусайнга қиёслади ва Исроилга ҳужум эҳтимоли оқибатларидан огоҳлантирди. 

Фото: Chaim Goldberg/Flash90

Исроил ташқи ишлар вазири Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни Исроилга ҳужум эҳтимоли оқибатлари ҳақида огоҳлантирди. «Эрдўған Саддам Ҳусайннинг изидан бормоқда ва Исроилга ҳужум қилиш билан таҳдид қилмоқда, у ерда (Ироқда) нима бўлганини ва ҳаммаси қандай якунланганини эслаб кўрсин», — деб ёзди Кац 28 июл, якшанба куни кечқурун Х ижтимоий тармоғида. У Туркиянинг амалдаги раҳбари ва Ироқ собиқ президенти тасвирланган фотоколлажни жойлаштирди.

Бундан бир неча соат олдин турк президенти Туркия бошқа давлатлар ва ҳудудлар билан ўтмишда бўлгани каби Исроилга ҳам «кириши» мумкинлигини айтди. Эрдўған қандай аралашувни таклиф қилаётганига аниқлик киритмади. Фаластин миллий маъмурияти билан «Исроил бу бемаъни ишларни қилолмаслиги учун биз жуда кучли бўлишимиз керак», деди у Ризе шаҳрида ўзининг ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси йиғилишида. «Биз Қорабоғга, Ливияга кирганимиздек, улар билан ҳам (Исроил) шундай қилишимиз мумкин», – дея таъкидлади Туркия раҳбари. «Биз буни қила олмаслигимиз учун ҳеч қандай сабаб йўқ... Бу қадамларни қўйиш учун кучли бўлишимиз керак», - дея қўшимча қилди Туркия раҳбари кейинчалик телевидение орқали қилган мурожаатида. 

ҲАМАС ҳаракатининг Исроилга ҳужумига жавобан Ғазо секторида Исроил армияси ҳарбий амалиёти бошланганидан бери Исроил ва Туркия ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашган. Эрдўған ҲАМАСни «озодлик ташкилоти» деб атаган ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни Адолф Ҳитлерга қиёслаган. Июл ойи ўрталарида Туркия раҳбари унинг мамлакати Фаластин ҳудудида барқарор тинчлик ўрнатилмагунча, НАТО ва Исроил ўртасидаги ҳамкорликка энди рози бўлмаслигини айтган эди. 

Туркия Ливияни қандай қўллаб-қувватлайди?

2020 йилда Туркия БМТ томонидан тан олинган Ливия Миллий келишув ҳукуматини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ливияга ўз қўшинларини юборган, дея эслатади Reuters. Анқара Озарбойжоннинг Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий амалиётларига бевосита алоқадорлигини рад этади, бироқ 2023 йилда ўзининг яқин иттифоқчисини қўллаб-қувватлаш учун «барча воситаларни, жумладан, ҳарбий тайёргарлик ва модернизацияни қўллашини» билдирган.

Ироқда Ҳусайн режимининг ағдарилиши 

2003 йилда АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция Ироққа бостириб кирди. Ҳарбий операция Саддам Ҳусайн режимининг ағдарилишига олиб келди. 2006 йил декабрида Ҳусайн 1982 йилда Ироқнинг Дужайл шаҳрида шиаларни қирғин қилганликда айбланиб қатл этилган. 

Мавзуга оид