Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хон-Юнусда 42 фаластинликнинг жасади топилди
Исроил аскарлари бригадаларнинг ярадорлар олдига етиб боришига тўсқинлик қилди, натижада улар ҳалок бўлган.
Ғазо сектори жанубидаги Хон-Юнус шаҳри шарқида Исроил армияси 22 июл куни чиқиб кетган жойдан 42 нафар фаластинликнинг жасади топилди.
Ғазо ҳукумати матбуот бюроси директори Исмоил Севабите «Анадолу» агентлигига берган интервюсида Исроил қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан кейин Хон-Юнуснинг шарқий ҳудудларидаги вазият ҳақида маълум қилди.
Севабите Исроил аскарлари Хон-Юнус шарқида жойлашган ҳудудлардан олиб чиқиб кетилиши ортидан ҳудудда 42 кишининг жасади топилганини айтди.
Унинг қайд этишича, минтақадаги вазият жуда оғир. Севабите қидирув ишлари давом этаётганини ва қурбонлар сони ортишидан хавотирда эканини қўшимча қилди.
Директорнинг таъкидлашича, Исроил қўшинлари фуқароларга тегишли турар жой бинолари ва ёрдамчи иншоотларни вайрон қилган. Унга кўра, Исроилнинг АҚШ маъмурияти кўмагида уюштирган ҳужуми «тўлиқ ҳарбий жиноят»дир.
Севабите Хон-Юнуснинг вайрон қилинганини, ҳудуддаги юзлаб уйлар, умумий узунлиги 35 километрлик кўча ва хиёбонлар ҳамда қабристонлар ағдар-тўнтар қилиб кетилганини қўшимча қилди.
Исроил ва АҚШни Ғазо секторида содир этилган уруш жиноятлари учун жавобгар деб ҳисоблаб, у халқаро ҳамжамиятни Исроилга Ғазо секторига ҳужумларини тўхтатиш ва қўшинларини олиб чиқиб кетиш учун босим ўтказишга чақирди.
Ғазодаги фуқаро мудофааси ташкилотининг таъминот ва жиҳозлар бўлими бошлиғи Муҳаммад Муғайир минтақада йўллар ёпилганини ва инфратузилманинг 90 фоизи вайрон бўлганини таъкидлади.
Фаластинлик расмийнинг айтишича, фуқаролик мудофаа гуруҳлари ҳужумларда ҳалок бўлганлар жасадларини қидиришни давом эттирмоқда.
Муғайирнинг таъкидлашича, Исроил армияси 22 июл куни Хон-Юнуснинг шарқида ҳужум бошлаганидан бери 200 га яқин қурбонлар ҳақида хабар олган.
У Исроил аскарларининг ярадорларга етиб боришига гуруҳларга рухсат бермагани, бу эса ўлимга сабаб бўлганини эслатиб, жасадлар ҳавонинг иссиқлиги ва ташишнинг имкони йўқлиги сабабли чириб бораётганини қайд этди.
«Бу ҳолат асосий ҳуқуқларнинг, шунингдек, инсон ҳаётини сақлаб қолиш ҳуқуқи очиқдан-очиқ бузилишидир», деди у.
Исроил армияси Ғазо сектори жанубидаги Хон-Юнус шаҳри шарқий қисмидан қўшинларини олиб чиқмоқда, дейди гувоҳлар.
Гувоҳларнинг хабар беришича, Хон-Юнус шарқидаги ҳудудларда ўнлаб фаластинликларнинг жасади топилган, Исроил армияси эса шарқдаги Бени Суҳайла шаҳридаги қабристонни вайрон қилган.
Исроил қўшинлари Хон-Юнуснинг шарқий ҳудудларини тарк этган бўлса-да, шаҳар жануби томон юришда давом этмоқда.
Мавзуга оид
08:07 / 04.10.2025
ҲАМАС Ғазодаги барча гаровга олинганларни озод этишга тайёрлигини маълум қилди
10:14 / 05.03.2025
Араб саммити Мисрнинг Ғазо сектори бўйича режасини қўллаб-қувватлади
12:12 / 04.03.2025
Исроил: Ғазода бир неча ойга етадиган озиқ-овқат бор
21:41 / 18.02.2025