Жаҳон | 21:41 / 18.02.2025
3771
7 дақиқада ўқилади

Ҳамас Ғазо бошқарувини топширишга рози. Бу амалга ошадими?

Ҳамас Исроил билан сулҳ келишувининг иккинчи босқичи доирасида, Ғазо устидан бошқарувни Фаластин миллий маъмуриятига топширишга тайёрлигини билдирди. Kun.uz мухбири қонга ботган бўлганинг келгуси тақдири ҳақидаги саволлар билан “Геосиёсат”да экспертлар Шавкат Икромов ва Камолиддин Раббимовга юзланди.

— Исроил ва Ҳамас ўртасидаги сулҳ келишувининг иккинчи босқичи қандай шартларни ўз ичига олади?

Шавкат Икромов: Cулҳнинг иккинчи ва учинчи босқичлари стратегик нуқтайи назардан қабул қилинган холос, шартлари ва ижроси бўйича аниқ қарашлар мавжуд деб бўлмайди. Масалан, иккинчи босқичда дастлаб амалга оширилиши керак бўлган жараён – Ҳамас томонидан асирга олинган исроилликларнинг тўлиқ озод қилинишидир. Биринчи босқичда асирлар маълум бир категориялар бўйича озод қилинаётган бўлса, иккинчи босқичда деярли тўлиқ озод қилиниши керак ва бунга жавобан Исроил ҳам ушлаб турилган фаластинликларни озод қилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Исроил томони киритган шартга кўра, Ҳамас Ғазо бошқарувини инклюзив ҳукуматга топшириши керак. Келишув жараёнларини назорат қилаётган АҚШ ва араб давлатларининг шиддати ҳамда истагини ҳисобга олсак, иккинчи босқичнинг ҳам амалга ошишига умид боғлаш мумкин.

Энди, учинчи босқичга тўхталадиган бўлсак, бу босқичда уруш ҳаракатлари тўлиқ якунланиши, Исроил аскарлари Ғазо секторидан тўлиқ олиб чиқиб кетилиши ва у ерда инклюзив ҳукумат ўрнатилиши керак. Лекин бу масала бўйича аниқ нормалар белгилаб қўйилмаган, масалан бошқарув инклюзив ҳукуматга ўтгач, унда Ҳамас иштирок этиши ёки иштирок этмаслиги ҳамда бошқарув кимнинг қўлида бўлиши ҳақидаги саволлар очиқ қолган.

Камолиддин Раббимов: Бу саволнинг жавоби шаклланаётган контекстга боғлиқ. Биринчидан, Америка ҳокимиятига Доналд Трамп келди. У, аввалги президентлардан фарқли равишда, бир томондан араб давлатлари ва Фаластин, иккинчи томондан Исроил ўртасида мувозанатни ушлаб туриш мажбуриятини олмаган. Чунки Трамп ўта исроилпараст ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан муносабатлари мустаҳкам. Доналд Трампнинг атрофи асосан христиан сионистлардан иборат. Уларнинг қарашига кўра, Исроил давлати муқаррар мавжуд бўлиши, кучайиб бориши ва имкон қадар кенгайиши керак.

Биламизки, Трамп Ғазони тўлиқ тозалаб, у ерни Исроилга олиб бермоқчи. Бу минтақа давлатларини, жумладан, Ҳамасни ҳам, ғазоликларни ҳам жиддий қўрқитади. Нима учун? Бу нарсани амалга ошириш ниҳоятда қийин бўлса-да, лекин Исроилга имконият берилди. Яъни шу пайтгача АҚШнинг олдинги президентлари, хоҳ Жо Байден бўлсин, хоҳ бошқалар бўлсин, уларда Исроилни бир томондан сўзсиз қўллаб-қувватлаш, иккинчи томондан маълум маънода тийиб туриш тафаккури бўлган. АҚШ расмий жиҳатдан “икки давлат” тамойилини ёқлаб келган. Трампда эса бундай қараш мавжуд эмас.

Шунинг учун ҳозир Ҳамас оғир бир дилемма ҳолатида, у урушнинг қайтадан бошланишини истамайди. Исроилда эса ҳозир йўқотадиган нарсаси йўқ ва урушни қайтадан бошлашга баҳона излаётган бўлиши мумкин. Лекин айтиш керакки, Исроилнинг ўзи ҳам урушдан чарчаган, яъни мамлакат аҳолиси урушни давом эттиришдан мутлақо манфаатдор эмас. Исроил жамоатчилиги ва сиёсий элитасининг каттагина қисми келишилган сулҳга риоя қилиш шарт деган позицияда турибди.

Ҳамас агар Ғазо секторидан чиқиб кетишдан бош тортса, яъни бошқарувни бермайдиган бўлса, ўзи рози бўлган келишувни бузган бўлади. Бу эса Нетаняҳуга баҳона бўлади.

Юқоридаги омиллар сабаб воситачи араб давлатлари Ҳамасга Трамп маъмурияти даврида тактик чекинишни, бошқарувни Фатҳга топширишни, шу билан бирга, минтақада сиёсий куч сифатида сақланиб қолишни таклиф қилган бўлиши мумкин.

Агар Ҳамас сиёсий куч сифатида йўқолса, Исроил Ғазони эгаллаши жуда осон бўлиб қолади. Чунки Фатҳ у ердаги вазиятни назорат қила олмайди. Ҳамаснинг бир томондан муаммоси ҳам, иккинчи томондан унинг ютуғи ҳам – мустақил ҳарбий куч сифатида сақланиб қолаётганида. Яъни Исроил мана 15 ой давомида курашди, лекин ҳаммасини куч сифатида йўқота олгани йўқ. Тўғри, раҳбарларини йўқотди, лекин 2,2 миллионлик Ғазо аҳолиси, ўсиб келаётган ёшлар Ҳамасни қўллаб-қувватлашда давом этади. Шунинг учун ҳам Ҳамас ғоя, структура сифатида сақланиб қолаверади.

Яқинда Фарид Закария Эроннинг собиқ ташқи ишлар вазири Жавод Зариф билан интервю қилди. Интервюда собиқ вазирдан Эрон Фаластинни мунтазам қўллаб-қувватлашининг сабаби ҳақида сўралди. Зариф эса Исроилнинг агрессив сиёсати йўқолмагунча, қаршилик кўрсатиш йўқолмаслигини, бирламчи сабаб қаршилик қилувчиларда эмас, Исроилнинг ўзида эканини айтган.

Ўйлайманки, Ҳамас тактик чекинишга мажбур бўлмоқда ва Фатҳга маълум бир муддат бошқарувни беради. Лекин бу Ҳамаснинг Ғазо бўйича таъсирини демонтаж қила олмайди ва бу Ғазонинг манфаатларига зид келмайди.

Шавкат Икромов: Маҳмуд Аббос 7 октябр воқеаларидан бери Ғазо бошқарувини Фаластин маъмуриятига ўтказиш бўйича бир неча марта АҚШ билан музокаралар олиб борган эди. Бу борада араб давлатлари билан ҳам умумий шу мазмунда келишув бор: яъни Ғазо бошқарувини Ҳамасдан Фаластин маъмуриятига ўтказиш бўйича фикрлар мавжуд эди.

Ҳамаснинг Ғазо бошқарувида қолиши урушни тўла якунлашга тўсиқ сифатида кўрилади. Трамп маъмурияти Ҳамасга бошқарувни топширмаса, Ғазо тикланмаслигини, инвесторлар бир неча йилдан кейин яна уруш бўлиши эҳтимоли сабаб, Ғазони тиклашга пул сарфламасликларини тушунтирган бўлиши мумкин. Ҳатто Саудия Арабистони ва БАА каби бой араб давлатлари ҳам, бошқарувда Ҳамас қолар экан, Ғазони тиклашга пул бермайди. Улар инвестиция киритиш учун Ғазодаги нормал ҳаётни қайтаришни шарт қилиб қўяди.

Бир неча ой олдинги ўрганишларга кўра, ғазоликларнинг 42 фоизигина Ҳамасни қўллаб-қувватлайди, қолганлари эса уруш тўхташини истайди.

— Яқин Шарқдаги манбаларга кўра, Ҳамас Ғазо бошқарувини Фаластин миллий маъмуриятига топширишга тайёрлигини билдирган. Бунда Ҳамас вакиллари ҳам маъмурият таркибида бўладими?

Шавкат Икромов: Шу кеча-кундузда бу ҳақда гапириляпти. Исроил томонидан ҳам инклюзив ҳукумат ҳақида гапирилган, яъни турли кучлар бу ерда тенг имкониятларга эга бўлиши керак ва ҳамма бу ерда гапириши керак деган масала кўтариляпти. Балки барқарорликка эришиш нуқтайи назаридан, Ҳамас вакиллари ҳам иштирок этиши мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид