Жаҳон | 08:07 / 04.10.2025
2801
2 дақиқада ўқилади

ҲАМАС Ғазодаги барча гаровга олинганларни озод этишга тайёрлигини маълум қилди

ҲАМАС жангчилари Трампнинг алмашув формуласига кўра, омон қолган барча гаровга олинганлар ва жасадларни Исроилга топширишга тайёрлигини маълум қилди. АҚШ президенти Исроилни Ғазо секторини ўққа тутишни тўхтатишга чақирди.

Фото: Jack Guez/AFP/Getty Images

Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати АҚШ президенти Доналд Трампнинг тинчлик режаси доирасида Ғазо секторидаги барча гаровга олинганларни озод қилишга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда 3 октябр, жума куни AFP ахборот агентлиги ва Al Jazeera телеканали хабар берди. Америка етакчиси ҲАМАСнинг Трамп ташаббусига жавоб матнини Truth Social ижтимоий тармоғида эълон қилди.

Жангчилар «алмашинув учун зарур шарт-шароит яратилса» барча тирик қолганлар ва жасадларни «президент Трамп таклиф қилган алмашинув формуласига мувофиқ» Исроилга топширишга рози бўлди. «Ҳаракат ушбу келишув тафсилотларини муҳокама қилиш учун воситачилар орқали зудлик билан музокараларни бошлашга тайёрлигини тасдиқлайди», дея маълум қилди ҲАМАС.

Гуруҳ, шунингдек, Ғазо сектори бошқарувини «Фаластин миллий консенсуси ҳамда араб ва ислом кўмаги асосида» мустақил органга ўтказишга келишиб олди.

Айни пайтда ҳаракат сиёсий бюроси аъзоси Мусо Абу Марзуқнинг таъкидлашича, гаровга олинганлар ва ҳалок бўлганларни 72 соат ичида топшириш «ҳозирги шароитда реал эмас, назарий масала».

Шу билан бирга, ҳаракат режада назарда тутилганидек, қуролсизланиш масаласини ҳал қилмади. Қатардаги ҲАМАС етакчилари АҚШ президенти ташаббусининг айрим шартларини ўзгартиришни талаб қилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид