Жаҳон | 19:38 / 03.08.2024
4998
1 дақиқада ўқилади

Россияга саёҳат қилувчилар орасида ўзбекистонликлар биринчи ўринда

2024 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон фуқаролари 1,8 миллион марта Россияга борган.

Фото: Андрей Любимов / РБК

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) 2024 йилнинг биринчи ярмида мамлакатга хорижликлар оқими ошганини маълум қилди.

Қайд қилинишича, шу муддат давомида чет элликлар 7,9 миллион марта Россияга кирган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11,5 фоизга кўп.

Хорижликлар орасида энг кўп Ўзбекистон (1,8 миллион), Қозоғистон (1,5 миллион) ва Тожикистон (977 минг) фуқаролари Россияга кирмоқда. Бундан ташқари, Хитой, Туркманистон, Туркия ва Германия фуқаролари Россияга кўпроқ саёҳат қила бошлаган.

2024 йилнинг биринчи ярмида россияликлар бошқа мамлакатларга 12,6 миллион марта саёҳат қилган, бу 2023 йилга нисбатан 9 фоизга кўп. Энг машҳур йўналишлар Туркия (2,5 миллион саёҳат), Абхазия (2,1 миллион), Қозоғистон (1,2), БАА (986 минг) ва Хитой (793,5 минг) экани таъкидланмоқда.

Шу билан бирга, Россиядан Хитойга сайёҳлар оқими уч баробар ошган. Шунингдек, россияликлар Кубага 60 фоиз (80,4 минг саёҳат) ва Озарбойжонга 59 фоиз (109,5 минг саёҳат) тез-тез саёҳат қила бошлаган.

Мавзуга оид