Жаҳон | 15:10 / 03.08.2024
2526
4 дақиқада ўқилади

S&P Украина рейтингини «танланган дефолт» даражасига туширди

Standard & Poor's халқаро рейтинг агентлиги Украинанинг узоқ муддатли кредит рейтингини SD (танланган дефолт)га туширди. Бунинг сабаби шу ҳафта ўтказиб юборилган облигациялар бўйича тўлов бўлди.

Фото: AP

Standard & Poor's (S&P) халқаро рейтинг агентлиги 2 август, жума куни Украинанинг кредит рейтингини «танланган дефолт» SD – дефолтдан олдинги даражага туширди. Бунга сабаб мамлакат жорий ҳафтада халқаро облигациялар тўловини ўтказиб юборгани бўлди, дея хабар беради агентлик ўз сайтида. S&P маълумотларига кўра, 34 миллион долларлик тўлов ҳали ҳам имтиёзли даврда, аммо яқин орада тўланиши даргумон.

«Украина ўзининг баъзи евробондлари реструктуризациясини айирбошлаш таклифи орқали бошлаш ниятида эканини тушунамиз. Шунингдек, ҳукумат таъсир кўрсатган облигациялар бўйича тўловларни реструктуризация бошлангунга қадар тўхтатиб туришга қарор қилганини ҳам биламиз. Шу муносабат билан ҳукумат 2024 йил 1 августда 2026 йилги евробонд бўйича купон даромадини тўламади, биз тўлов шартномада кўрсатилган 10 иш кунлик имтиёзли даврда амалга оширилишини кутмаяпмиз», дейилади Standard & Poor's хабарида.

Шу муносабат билан Украинанинг узоқ муддатли ва қисқа муддатли хорижий валютадаги (FC) рейтинглари CC/C'дан SD/SD (танланган дефолт) га, 2026 йилги евробондлар эмиссияси рейтинглари эса CC'дан D (дефолт) даражасига туширилди. «Шунингдек, биз Украинанинг чет эл валютасидаги қолган юқори таъминланмаган қарз мажбуриятлари бўйича CC рейтингимизни тасдиқладик», — дея аниқлик киритди агентлик.

Украина 1 августдан ташқи қарзлар бўйича тўловларни вақтинча тўхтатди

Украина 1 август, пайшанбадан ташқи қарзлар бўйича тўловларни вақтинча тўхтатди, деб хабар бермоқда Reuters. Мамлакат президенти Володимир Зеленский бундай тўловларни 2024 йил 1 октябргача тўхтатиб туриш имконини берувчи тегишли қонунни имзолаган эди. Қарзлар бўйича биринчи тўлов ҳам 1 августда тўланиши керак эди.

Олий рада бюджет қўмитаси раҳбари Роксолана Пидласнинг сўзларига кўра, президент томонидан имзоланган қонун лойиҳаси «реструктуризациянинг муҳим элементи бўлиб, 2027 йил охиригача суверен евробондларга хизмат кўрсатиш ва тўлаш учун тўловлардан 10 миллиард доллардан ортиқ маблағни тежаш имконини беради». Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) «мунтазам равишда ушбу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган». 

22 июл, душанба куни Украина бош вазири Денис Шмихал мамлакат Украинанинг еврооблигациялар эгалари қўмитаси билан ташқи қарз бир қисмини реструктуризация қилиш бўйича «принципиал келишувларга» эришганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу қадам мамлакатга уни сақлаш учун уч йил давомида 11,4 миллиард АҚШ долларини, 2033 йилгача эса 22,75 миллиард долларни тежаш имконини беради. Бўшатилган ресурслар, хусусан, мудофаа, ижтимоий ҳимоя ва Украинани қайта тиклашга йўналтирилади, деди Шмихал. 

Қарзнинг умумий миқдори қандай?

Россиянинг кенг миқёсли ҳужуми бошланганидан бери Украина давлат қарзи кескин ошди. Агар 2022 йил бошига келиб у 98 миллиард долларга (91,5 миллиард евро) баҳоланган бўлса, 2023 йил охирида деярли 141 миллиард долларгача ўсди. ХВЖ ҳисоб-китобларига кўра, жорий йил охирига бориб Украина давлат қарзи мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 100 фоизидан ошиши мумкин, деб ёзади РБК. 

25 июл куни Fitch рейтинг агентлиги Украинанинг кредит рейтингини СС'дан С'га туширди, бунда дефолт жараёни аллақачон бошланган ёки яқинлашиб қолган деб ҳисобланади. Мамлакатнинг кредит рейтингини пасайтиришга яқинда кредиторлар гуруҳи билан 20 миллиард долларга яқин халқаро облигациялар қарзини реструктуризация қилиш бўйича тузилган битим сабаб бўлди. Fitch уни «дефотлга ўхшаш жараён» деб атади.

Мавзуга оид