Жаҳон | 21:46 / 06.08.2024
7916
1 дақиқада ўқилади

Бразилияда дунёдаги энг баланд осмонўпар турар жой биноси қурилади

Минора дунёдаги энг баланд турар жой биносидан (Ню-Йоркдаги Central Park Tower) 72 метр баландроқ бўлади.

Фото: Getty Images

Бразилиянинг Балнеарио-Камбориу шаҳрида дунёдаги энг баланд осмонўпар турар жой биноси қурилади. Қурилиш лойиҳаси маҳаллий ҳокимият томонидан маъқулланган, деб хабар берди Dezeen.

Triumph Tower деб номланган бинонинг баландлиги 544 метр бўлади ва Ню-Йоркдаги энг баланд турар жой биносидан (Central Park Tower) 72 метр баландроқ бўлади. Лойиҳа Бразилиянинг FG Empreendimentos девелопер компанияси томонидан амалга оширилади.

Осмонўпар бино Барра-Сул ҳудудида қурилади. Бино 100 қаватли бўлиб, 150 минг квадрат метр майдонни эгаллайди. Миноранинг меъморий кўриниши тафсилотлари ҳозирча ошкор этилмаган.

Балнеарио-Камбориу шаҳри ўзининг осмонўпар бинолари билан машҳур. Унда Жанубий Америкадаги бир қатор энг баланд осмонўпар бинолар жойлашган бўлиб, уларнинг баъзилари FG Empreendimentos компанияси томонидан қурилган, жумладан Epic Tower ва One Tower.

Қайд қилинишича, Балнеарио-Камбориу шаҳри Бразилияда 1 квадрат метр учун турар жой мулкининг энг юқори нархларига эга.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид