Жаҳон | 10:37 / 12.08.2024
5943
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: Россия Киев вилоятига КХДР ракетаси билан зарба берди

КХДРнинг KN-23 баллистик ракеталари «камдан-кам ҳолларда ўз нишонига етиб боради, бироқ аҳоли учун жиддий хавф туғдиради», дея маълум қилди Украина Қуролли кучлари.

Фото: Видеодан кадр

Россия армияси 11 август, якшанбага ўтар кечаси Киев вилоятига ҳаво ҳужумида Шимолий Корея ракетасини қўллаган бўлиши мумкин, деди Украина президенти Володимир Зеленский. 

«Дастлабки маълумотларга кўра, россияликлар Шимолий Корея ракетасидан фойдаланган ва бу Украинага қарши навбатдаги қасддан террорчилик ҳужуми бўлган. Пиротехниклар ушбу ракета бўйича маълумотларни аниқлаш устида ишлашда давом этмоқда», — деб ёзди Зеленский. 

«Россиянинг Шимолий Корея ракеталари билан ҳужумларига келсак, мен қуйидагиларни айтаман: KN-23 баллистик ракеталари камдан-кам ҳолларда керакли мақсадга эришса ҳам, аҳоли учун жиддий хавф туғдиради», деди Украина Ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешчук. 

Россиянинг Киев вилоятидаги зарбаси вақтида ота ва ўғил ҳалок бўлди

Ҳужумдан сўнг Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти ҳам Украина пойтахтига «Искандер-М» ёки Шимолий Кореянинг KN-23 баллистик ракеталари учирилганини маълум қилди. Киев вилоятининг Бровари туманида уриб туширилган ракета қолдиқлари хусусий турар жой бинолари устига тушди, қутқарувчилар вайроналар остидан 35 ёшли эркак ва унинг тўрт ёшли ўғлининг жасадларини олиб чиқди. Яна уч киши жиддий жароҳат олган. 

Кеча кечқурун украин ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари Украина бўйлаб учирилган 57 та дрондан 53 тасини уриб туширди. Умуман олганда, Киев маълумотларига кўра, Россия бир ҳафта ичида Украинани 30 дан ортиқ ракета ва 800 дан ортиқ бошқариладиган авиабомбалар билан зарба берди, деди Зеленский.

Мавзуга оид