Жаҳон | 13:35 / 13.08.2024
2368
2 дақиқада ўқилади

БМТ бош котиби Гутерриш Исроилнинг Ғазодаги мактабга ҳужумини қоралади

Бош котиб «халқаро гуманитар ҳуқуқни қўллаш зарурлигини» таъкидлади.

Фото: Mike Segar / Reuters

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) бош котиби Антонио Гутерриш Исроилнинг Ғазо секторидаги мактабга уюштирган ва 100 фаластинлик ўлимига сабаб бўлган ҳужумини қоралади

БМТ бош котиби расмий вакили ўринбосари Фарҳан Ҳақ кундалик матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб берди. 

«Бош котиб (Гутерриш) Ғазода, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлиши давом этаётганини қоралайди», деди Ҳақ Исроилнинг Ғазо шаҳридаги мактабга уюштирган ҳужумига ишора қилиб. Ҳодиса оқибатида 100 нафар фаластинлик ҳаётдан кўз юмди.

«Биз Исроилнинг Ғазо шаҳридаги Ал-Баян мактабига яна бир ҳалокатли ҳужумига гувоҳ бўлдик», деди Ҳақ ва қўшимча қилди: «Мактаб Ғазода давом этаётган даҳшат, кўчирилиш ва азоб-уқубат шароитида юзлаб фаластинлик оилаларга бошпана сифатида хизмат қилмоқда». 

Ҳақ Гутерриш БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2735-резолюцияси қоидалари ҳалигача бажарилмаганидан «афсусда» эканини айтди. 

Баёнотда, шунингдек, бош котиб «халқаро гуманитар ҳуқуқни, жумладан, ҳужумларда камситиш, мутаносиблик ва эҳтиёт чораларини қўллаш зарурлигини таъкидлагани» қайд этилган. 

Ўт очишни дарҳол тўхтатишга чақириқ

Бош котиб Антониу Гутерриш АҚШ, Миср ва Қатар етакчиларининг Ғазода ўт очишни тўхтатишга қаратилган воситачилик саъй-ҳаракатларини олқишлади, деди матбуот котиби ўринбосари Фарҳан Ҳақ.

Ҳақнинг сўзларига кўра, Гутерриш «томонларни музокараларни давом эттиришга ва ўт очишни тўхтатиш, гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишиб олишга чақирди».

«Бош котиб зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва барча гаровга олинганларни сўзсиз озод қилишга қаратилган чақириғини такрорлайди. Шунингдек, у тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва Ғазога тўсиқсиз, хавфсиз инсонпарварлик ёрдами киришини таъминлаш зарурлигини таъкидлайди», — дея хулоса қилди Ҳақ. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид