Жаҳон | 22:34 / 13.08.2024
4735
2 дақиқада ўқилади

Германияда қурол қонунчилигини кучайтириш таклиф қилинмоқда

Ҳозирда жамоат жойларида тиғининг узунлиги 12 сантиметрдан ошмайдиган пичоқларни олиб юришга рухсат этилади.

Фото: Depositphotos

Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер пичоқ ёрдамида амалга оширилаётган ҳужумлар сони ортаётгани боис қуролдан фойдаланиш тўғрисидаги қонунларни кучайтирмоқчи эканини маълум қилди. Ҳозирда жамоат жойларида тиғининг узунлиги 12 сантиметрдан ошмайдиган пичоқларни олиб юришга рухсат этилади.

Фезер тиғининг узунлиги 6 сантиметрдан ошадиган пичоқларни олиб юришни тақиқлашни таклиф этмоқда. Жиноятларни тергов қилиш федерал хизмати раҳбари Дирк Пеглоу эса жамоат жойларидан пичоқ олиб юришни бутунлай тақиқлаш ҳақида ўйлаб кўришга чақирди.

Ўз навбатида полициячилар Касаба уюшмаси вице-президенти Хайко Теггац ҳам «жамоат жойларида пичоқ олиб юришни тақиқлаш керак», деб ҳисоблайди, аммо унинг айтишича, вазиятни назорат қилиш учун янада кўпроқ полициячилар талаб этилади ва «қонунбузарлик учун жиддий жарималар белгиланиши лозим».

Шу билан бирга, ички ишлар бўйича эксперт Константин Куле Федерал Ички ишлар вазирлигининг таклифларини ишонарсиз деб ҳисоблайди. «Сиёсатчилар қурол тўғрисидаги қонунларни рамзий равишда кучайтиришдан воз кечишлари ва бунинг ўрнига мавжуд қонунчиликка амал қилиниши ва ҳуқуқбузарлар жазоланишини қатъий назорат қилиши керак», — дейди бундестаг депутати.

Цюрих олий мактаби ҳузуридаги Профилактик ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар институти раҳбари профессор Дирк Баер пичоқ тиғининг узунлигини чеклаш самара бермаслигини маълум қилди: «Одамлар тақиқ борлиги учун ўзи билан пичоқ олиб юриш ва ундан фойдаланишни тўхтатиб қўймайди».

Берлин жиноий статистикасига кўра, 2023 йилда 3482 та жиноятда пичоқдан қурол сифатида фойдаланилган — бу ундан олдинги йилга нисбатан 165 тага кўп. Жабрланган фуқароларнинг ҳар учтадан бири 21 ёшдан кичик.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид