Жаҳон | 00:25 / 19.08.2024
3628
2 дақиқада ўқилади

Британия бош вазирининг рейтинги тартибсизликлар фонида кескин тушиб кетди

Кир Стармер кўрсаткичларининг пасайиши Саутпорт шаҳрида 17 ёшли ўсмир томонидан амалга оширилган қирғиндан кейин бутун мамлакат бўйлаб бошланган тартибсизликлар фонида юз берган.

Фото: Report.az

Буюк Британия бош вазири Кир Стармернинг рейтингни 4 июль кунги парламент сайловларида ғалаба қозонганидан бери кескин тушиб кетди. Бу ҳақда Opinium таҳлилий агентлиги томонидан ўтказилган сўров натижаларида сўз боради.

Маълумотларга кўра, айни вақтда Стармернинг маъқулланиш рейтинги -7 фоизни ташкил этмоқда — сайловлардан кейинги биринчи социологик тадқиқотда у +19 фоиз бўлган.

Таъкидланишича, бош вазир кўрсаткичининг пасайиши Саутпорт шаҳрида 17 ёшли ўсмир томонидан амалга оширилган қирғиндан кейин бутун мамлакат бўйлаб бошланган тартибсизликлар фонида юз берган.

Шу билан бирга, Консерватив партия раҳбари сифатида вақтинча фаолият юритаётган ҳукуматнинг собиқ бош вазири Риши Сунакнинг рейтинги -30 фоизни ташкил этмоқда.

Opinium сўрови 14-16 август кунлари ўтказилган бўлиб, унда тахминан 2 минг киши иштирок этган.

Лейбористлар партияси ўтган сайловда парламент қуйи палатасидаги 650 ўриндан 412 тасини қўлга киритган эди. 2010 йилдан бери ҳокимиятни бошқариб келаётган Консерватив партиянинг эса 121 депутати парламентдан ўрин олган.

Қиролликдаги тартибсизликлар сабаби

Британияда бошланган тартибсизликлар сўнгги ўн йил ичида мамлакатда энг оммавийси деб аталяпти. Уларга мигрант оиласидан бўлган 17 ёшли ўсмир томонидан содир этилган жиноят сабаб бўлди. 29 июл куни у Саутпорт курорт шаҳрида 6 ёшдан 11 ёшгача болалар учун мўлжалланган Hart Space Studious рақс студиясида пичоқ билан ҳужум қилган.

Ҳужум оқибатида уч қиз ҳаётдан кўз юмди. Яна саккиз нафар бола пичоқланган, улардан беш нафарининг аҳволи оғир. Болаларга ёрдам беришга шошилган икки ёши катта шахс ҳам оғир жароҳатлар билан шифохонада. Ҳужум қилган шахс қўлга олинди ва унга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.

Мавзуга оид