Жаҳон | 10:15 / 22.08.2024
1518
2 дақиқада ўқилади

Байден ва Нетаняҳу Қоҳирадаги бўлажак музокараларни муҳокама қилди

АҚШ президенти ўт очишни тўхтатиш ва Ҳамас гаровга олганларни озод қилиш мавзулари кўтарилган телефон суҳбатида Исроилни Вашингтон қўллаб-қувватлашда давом этишига ишонтирди.

Фото: Susan Walsh/AP Photo/picture alliance

АҚШ президенти Жо Байден Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан телефон суҳбатида Қоҳирада ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича бўлажак музокараларни муҳокама қилди, шунингдек, Исроилни Вашингтоннинг доимий қўллаб-қувватлашига ишонтирди, дейилади чоршанба, 21 август куни Оқ уй сайтида чоп этилган баёнотда

Америка президенти ва Исроил бош вазири АҚШнинг Эрон таҳдидлари, жумладан Теҳрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийчилар, шунингдек, Ҳамас ва «Ҳизбуллоҳ» гуруҳларига қарши Исроил мудофаасини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини муҳокама қилди. Қайд этилишича, суҳбатда АҚШ вице-президенти, Демократик партиядан президентликка номзод Камала Ҳаррис ҳам иштирок этган. 

Яқин Шарқдаги кескинлашув

2023 йил 7 октябр куни эрталаб Ҳамаснинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

Ҳамаснинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида Ҳамасга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 40 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид