Ўзбекистон | 00:34 / 22.08.2024
7949
2 дақиқада ўқилади

«Ташаббусли бюджет» лойиҳаларига овоз бериш бошланди

2024 йилги 2-мавсум учун илгари сурилган лойиҳаларга овоз бериш жараёни 31 август соат 23:59 га қадар давом этади. Ғолиб лойиҳаларни молиялаштиришга жами 2 трлн сўм ажратилади.

Фото: Kun.uz

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «Ташаббусли бюджет»нинг 2024 йилги 2-мавсуми доирасида овоз бериш босқичи бошланганини маълум қилди.

Овоз бериш жараёнлари 31 август соат 23:59 га қадар давом этади.

Фуқаролар ўзларига қулай бўлган усуллардан бири орқали, жумладан:

  • «Очиқ бюджет» порталининг веб-саҳифаси;
  • порталнинг мобил иловаси (Android ва iOS);
  • Telegram’ даги расмий бот ёрдамида овоз бериши мумкин.

Ўзбекистонда 13 мартдан «Ташаббусли бюджет»га овоз бериш жараёни бошланиши белгиланганди. Бироқ овоз бериш учун зарур платформа — OpenBudjet.uz порталида техник носозлик кузатилгани боис 16 мартда қайтадан бошланган эди.

Жорий мавсумда илгари сурилган лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан 2 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши белгиланган. Бунда ҳар бир лойиҳа учун энг юқори қиймат 1 миллиард 360 миллион сўмни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил март ойидан ташаббусли бюджетлаштириш жараёнида овоз беришда соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида «бир фуқаро – бир овоз» тизими жорий этилган. Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази билан ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали овоз бериш жараёнида фуқароларни идентификация қилиш ҳамда бир фуқаро томонидан берилган битта овозни қабул қилиш тизими жорий этилади.

Мавзуга оид