Иқтисодиёт | 12:09 / 25.08.2024
5128
5 дақиқада ўқилади

Олтин қимматлашди, Bitcoin нархи ҳам ошди – халқаро молия бозори шарҳи

Доллар индексининг пасайиши фонида евро ва юан мустаҳкамланди. Қўшма Штатларда асосий ставканинг пасайиши ҳақидаги янгиликлар ортидан бир қатор қимматбаҳо металларнинг нархи ошди. Хусусан, олтин ҳафта давомида 4 долларга, йил бошидан бери эса қарийб 22 фоизга қимматлашди.

Фото: Kun.uz / fastflux.ai

Жорий ҳафтанинг энг муҳим янгиликларидан бири АҚШда меҳнат статистикаси маълумотларининг қайта кўриб чиқилгани бўлди. Қайд этилишича, статистик рақамлар март ойигача бўлган сўнгги бир йилликда АҚШ қишлоқ хўжалигидан ташқарида яратилган янги иш ўринлари сони 818 мингга қисқариши томонга қайта ҳисоб-китоб қилинган. Бу АҚШ меҳнат бозори заифлашаётганини тасдиқловчи яна бир қўшимча маълумот бўлиб, жорий монетар сиёсати ўз якунига етаётганлигидан дарак беради. Ҳафтанинг кейинги муҳим маълумотларидан яна бири иккиламчи уй-жой сотувлари статистикасининг эълон қилингани бўлди. Бу кўрсаткич прогноз қилинганидек, июль ойида 1,3 фоизни ташкил этган. Федерал захира тизими (ФЗТ) раисининг нутқи ва Жасксон Ҳоле симпозиуми эса ҳафта воқеасига айланди. Молия бозорлари иштирокчилари бу тадбирдан узоқ кутаётган сигнал, яъни фоиз ставкасини тушириш бўйича биринчи расмий янгиликни олишга муваффақ бўлди. Жером Повеллнинг нутқи, сўнгги бир неча йиллардаги симпозиумда кузатилган бозорлар қулашидан фарқли бўлиб, бу сафар кўтарилишни таъминлаб берди ва фонд индексларининг ўсишига сабаб бўлди.

Jahon Insights канали экспертлари 19 августдан 23 августгача бўлган даврда халқаро молия бозорида содир бўлган энг муҳим воқеаларни таҳлил қилиб чиқди.       

АҚШ топ фонд бозорлари индекси:

  • S&P500 – 5634 (ҳафта бошидан +1,45 фоиз, йил бошидан +18,13 фоиз);
  • NASDAQ – 19720 (ҳафта бошидан +1,09 фоиз, йил бошидан +17,21 фоиз);
  • DJI – 40287 (ҳафта бошидан +1,27 фоиз, йил бошидан +9,25 фоиз).

Ҳафта савдоларида Dow Jones индекси 515 пунктга, NASDAQ ва  S&P500 мос равишда 212 ва 80 пунктга ўсди.

Асосий қимматбаҳо металлар:

  • Олтин – 2510 доллар (1 унцияси) ҳафта бошидан +0,16 фоиз, йил бошидан +21,76 фоиз;
  • Кумуш – 29,8 доллар (1 унцияси) ҳафта бошидан +2,94 фоиз, йил бошидан +25,64 фоиз;
  • Алюминий – 2511 доллар (1 тоннаси) ҳафта бошидан +7,41 фоиз, йил бошидан +5,48 фоиз:
  • Мис – 4,25 доллар (1 фунти) ҳафта бошидан +1,61 фоиз, йил бошидан +9,01 фоиз.

Қимматбаҳо металлар ҳам фундаментал янгиликлар фонида ўсиш суръатини тақдим этди. Олтин кумуш, алюминий ва мис ҳафта давомида мос равишда 4,12 доллар, 0,85 доллар, 173,3 доллар   ва 0,07 долларга қимматлашди.  

Нефт

  • WTI – 74,91 доллар (ҳафта бошидан -0,66 фоиз, йил бошидан +5,07 фоиз);
  • BRENT – 79,05 доллар (ҳафта бошидан -0,68 фоиз, йил бошидан +2,61 фоиз).

Ҳафта давомида нефтнинг WTI маркаси 50 центга, BRENT эса 54 центга арзонлашди.

Валюталар

  • USD/EUR:  +1,51 фоиз (йил бошидан +1,39 фоиз);
  • CNY/USD:   -0,56 фоиз (йил бошидан +0,37 фоиз);
  • TRY/USD:  +0,76 фоиз (йил бошидан +15,22 фоиз);
  • UZS/USD:   +0,16 фоиз (йил бошидан +3,01 фоиз);
  • RUB/USD:  +1,99 фоиз (йил бошидан +2,10 фоиз).

Ҳафта савдоларида евро ва юан долларга нисбатан мос равишда 1,51 фоиз ва 0,56 фоизга ўсди, бироқ лира, сўм ва рубл 0,76 фоиз, 0,16 фоиз ва 1,99 фоизга пасайди.

Криптовалюта

  • Bitcoin – 64032 доллар (ҳафта бошидан +9,44 фоиз, йил бошидан +50,98 фоиз); 
  • Ethereum – 2764 доллар (ҳафта бошидан +5,79 фоиз, йил бошидан +21,11 фоиз).  

Bitcoin 5 кунлик савдоларда 9,44  фоизга, Ethereum эса 5,8 фоизга ошди. 

Бозорлар ҳақида қисқача

Жорий ҳафтада Жером Повеллнинг чиқиши молия бозорларида катта аҳамиятга эга бўлди. Чунки узоқ вақтдан бери олиб борилаётган қаттиқ монетар сиёсат ва совиб бораётган иқтисодиёт нафақат бозор иштирокчиларини, балки Американинг юқори мартабали амалдорларини ҳам ташвишга сола бошлаган эди. Юқори фоиз ставкалари АҚШ компанияларига қарз олиш нархини қиммат қилгани туфайли, уларнинг кенгайиши ва фаоллигини чеклаб қўйди. Бу эса иш ўринларига ҳам таъсир ўтказди. Ишсизлар сонининг ошиши эса келгусида иқтисодиётга ортиқча юк бўлади. Шу жиҳатдан, юқори мартабали амалдорлар ҳам шошилинч равишда бу мавзуни муҳокама қилиб, бир овоздан ставкани туширишни бошлаш кераклиги ҳақида гапира бошлади.

Эслатма! Тақдим қилинган маълумотлар муаллифга тегишли бўлиб, 19 августдан 23 августгача бўлган вақт оралиғидаги молия бозорида юз берган ўзгаришлар асосида тайёрланган. Ушбу мақола инвестицион маслаҳат эмас.

Мавзуга оид