Жаҳон | 09:02 / 26.08.2024
10674
3 дақиқада ўқилади

Дуровнинг Франциядаги ҳибс муддати узайтирилди

ОАВ маълумотларига кўра, Дуровни ҳибсга олиш учун ордер фирибгарлик, гиёҳванд моддалар савдоси, кибербуллинг, уюшган жиноятчилик, болаларга қарши жиноятлар ва террорчилик ташвиқоти бўйича дастлабки тергов доирасида берилган.

Фото: Albert Gea / Reuters

Франция суд органлари 25 август, якшанба куни 39 ёшли Telegram асосчиси Павел Дуровни ҳибсда сақлаш муддатини яна 48 соатга узайтирди, дея хабар бермоқда AFP терговга яқин манбага таяниб.

Дуров 24 август куни кечқурун Ле-Бурже аэропортида қўлга олинган. Журналистлар таъкидлашича, сўроқ учун ҳибсга олишнинг дастлабки муддати максимал 96 соатгача давом этиши мумкин. Бу вақт ичида Дуров айбланиши ёки озод этилиши керак. 

«Платформадан жиноий мақсадда фойдаланишни тўхтатиш учун чоралар кўрилмади» 

Le Provence ёзишича, Миллий полициянинг вояга етмаганлар иши бўйича бошқармаси (OFMIN) Дуровни ҳибсга олиш учун ордер берган ва тергов Жандармерия миллий кибер-бўлинмаси ва Фирибгарликка қарши кураш миллий бюросига топширилган. 

ОАВ маълумотларига кўра, ордер гумон қилинаётган жиноятлар, жумладан, фирибгарлик, наркотик моддалар савдоси, кибербуллинг, уюшган жиноятчилик, болаларга қарши жиноятлар ва терроризмни тарғиб қилиш бўйича дастлабки тергов доирасида берилган. Дуров ўз платформасидан жиноий фойдаланишни тўхтатиш чораларини кўрмаганликда айбланмоқда. 

Франция расмийлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳалигача Дуровнинг ҳибсга олинишига изоҳ бермади. Париж прокуратураси ТАСС сўровига жавобан тўлиқ матбуот баёноти 26 август, душанба куни эълон қилинишини маълум қилди. 

Telegram Дуров ҳибсга олинганидан кейин биринчи расмий баёнотни эълон қилди

Telegram жамоаси ижтимоий тармоқ асосчиси ва бош директори Павел Дуровнинг ҳибсга олинишига биринчи марта изоҳ бериб, якшанба куни кечқурун расмий баёнотни эълон қилди, унда «платформа ёки унинг эгаси ушбу платформадаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгар эканлигини даъво қилиш бемаънилик» экани айтилган.

«Telegram Европа Иттифоқи қонунларига, жумладан, Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунга амал қилади – унинг модерацияси соҳа стандартларига жавоб беради ва доимий равишда такомиллаштирилади. Telegram бош директори Павел Дуровнинг яширадиган ҳеч нарсаси йўқ ва у тез-тез Европа бўйлаб саёҳат қилади. Платформадаги суиистеъмолликлар учун платформа ёки унинг эгаси жавобгар, деб даъво қилиш бемаъниликдир», - дейилади баёнотда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид